Келаси йил Россия мезбонлигида ўтадиган ЖЧ—2018 иштирокчилари сони 28 тага етди. Эндиликда улар орасида Тунис ва Марокаш термалари ҳам бор.
ФИФА Африка қитъасига 5 та квота ажратганди. Бунгача Нигерия, Миср ва Сенегал термалари мундиал миссиясини ижобий ҳал қилган бўлса, саралашнинг сўнгги туридан кейин улар сафига Тунис ва Марокаш ҳам қўшилди.
Тунис термаси саралашда Конго, Ливия ва Гвинеяни ортда қолдирди. Мазкур мамлакат кетма-кет уч мундиал — Франция, Япония ва Жанбий Корея, Германияда иштирок этган бўлиб, ЖАР—2010 ва Бразилия—2014 дан четда қолиб кетганди. Энди улар Россия—2018 учун қайтди.
Марокаш термаси ҳам Тунис каби саралашни мағлубиятсиз ўтказишга эришди. Бунда уларнинг рақиблари анча жиддий эди: Кот-д’Ивуар, Габон, Мали. Шунга қарамай, марокашлик футболчилар ўз иродасини намойиш қилиб, Жаҳон Чемпионатига йўлланма олди. Сўнгги турда улар принципиал ўйинни Ивуарда ўтказиб, 2:0 ҳисобида зафар қучишга эришди.
Марокашликлар учун Жаҳон Чемпионати 1998 йилдан буён армон бўлиб келаётганди. Улар орада 4 та мундиални ўтказиб юбориб, ва ниҳоят катта саҳнага қайтди. «Sports.ru» маълумотига кўра, Марокаш сафида ҳал қилувчи ўйинни ўтказган 11 футболчидан фақатгина 1 нафари Марокашда туғилган. Яна 4 футболчи Францияда, 4 нафари Голландияда ҳамда 2 нафари Испанияда дунёга келган, шунга қарамай, асл ватани бўлмиш Марокаш учун майдонга тушган.
Нашр манбасига кўра, Бельгияда истиқомат қилишни афзал билган марокашликлар сони бугунга келиб анчага етиб қолган. Биргина Брюсселнинг ўзида 100 мингга яқин марокашлик бор. Терма жамоа ЖЧ чиптасини қўлга киритгач, улар кўчада байрам қилган ва салкам 1,5 минг марокашлик тартибсизлик келтириб чиқарган. Оқибатлар қуйидаги суратларда акс этган.
ЖЧ—2018 чиптасини қўлга киритган мамлакатлар:
Россия, Бразилия, Эрон, Япония, Мексика, Бельгия, Жанубий Корея, Саудия, Германия, Англия, Испания, Нигерия, Коста-Рика, Польша, Миср, Исландия, Сербия, Португалия, Франция, Уругвай, Аргентина, Колумбия, Панама, Сенегал, Марокаш, Тунис, Швейцария, Хорватия.
Изоҳ (0)