«Тошработ текстил» компанияси Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани Хўжа Ҳасан қишлоғида тўқимачиликка йўналтирилган ва барча коммуникация инфратузилмаларига эга маҳобатли фабрика қурди, дея хабар бермоқда «Правда Востока Online».
Фабриканинг биринчи навбатини сентябрь ойида ишга тушириш мўлжалланган эди. Режа бўйича, корхонадаги ишчи-хизматчилар сони минг кишига етиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 90 фоизи экспорт қилиниши керак эди.
«Бироқ, молиявий шартноманинг бажарилмаганлиги оқибатида Германиядан олинадиган замонавий ускуналар ўз вақтида келтирилмади. Натижада ҳам вақт, ҳам бозор имкониятлари бой берилмоқда», — деб ёзади «Правда Востока Online».
Қайд этишларича, Ўзбекистон Миллий банкининг Навоий бўлими томонидан тақдим қилинган кредитлаш варианти корхона фаолиятига салбий таъсир кўрсатган — харажатлар қисми 2 баробарга ошиб, молиявий аҳвол ёмонлашган.
Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, режалаштирилган 300 дона тикув машинасининг ўрнига ундан 140 дона сотиб олинди. «Табиийки, ишчи ўрни ҳам қисқариб кетди», — дейилади «Правда Востока Online» хабарида.
Бундан ташқари, фабрикани электр таъминотига улаш ҳам муаммо бўлиб турибди.
«Турли идораларнинг эшикларини қоқиб, улар билан ёзишмалар олиб бораётган Қизилтепа лойиҳасининг ташаббускорлари қатъият билан олға интилмоқда. Афсуски, ҳозиргача ҳамма ҳаракати қумга сепилган сувдек бесамар кетмоқда», — деб ёзади «Правда Востока Online».
Эътиборга молик томони, 2017 йил мартида Навоий вилоятига ташриф буюрган Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур фабрика лойиҳаси билан танишиб, уни амалга ошириш бўйича ўз тавсияларини берган эди.
Изоҳ (0)