Жанубий Кореянинг Samsung Electronics Co. технологик гиганти жорий йил учинчи чораги якунларига кўра рекорд даражада даромад олгани ҳақида ҳисобот берди. Бундан ташқари, компания раҳбариятида ўзгаришлар рўй берди, деб хабар қилади «Корреспондент.net».
Ҳисоботга кўра, Samsung Electronics’нинг соф даромади 11,2 триллион вонагача (9,9 миллиард доллар) ўсган. Ўтган йил шу даврида бу кўрсаткич 4,5 триллион вонага тенг бўлган эди.
Компаниянинг ҳисобот давридаги тушуми 29,7 фоизга ўсиб, 62,05 триллион вонани (55,2 миллиард доллар) ташкил этди. Операцион даромад 14,53 триллион вонага (12,9 миллиард доллар) етди, яъни 2,8 баробарга ўсди.
Шу билан бирга, компания мобил бизнеси операцион даромади 33 баробарга ўсиб, 3,29 триллион вонани (2,9 миллиард доллар) ташкил этди.
Samsung Electronics акциялари 31 октябрь куни Сеулдаги сотувларда 2 фоизга қимматлашди, уларнинг нархи тарихий максимумга яқинлашди.
Компания, шунингдек, уч асосий бўлинмага — ярим ўтказгичлар ва дисплейлар (Device Solution), мобил телефонлари (IT & Mobile Communications) ва истеъмол электроникаси (Consumer Electronics) ишлаб чиқариш бўлинмаларига янги раҳбарларни тайинлади. Бундан ташқари, директорлар кенгаши раиси мансабига амалдаги молия директори Ли Сан Хун тавсия этилди.
Изоҳ (0)