27 октябрь куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги мажлислар залида вазирлик ва Ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳамда иттифоқнинг вазирликдаги етакчилар кенгашини сайлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати маълум қилди.
Маросимда маданият вазири ва Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси сўзга чиқиб, келгусидаги режалар ҳақида қисқача нутқ сўзлади.
Меморандумга кўра, ҳар иккала ташкилот бугунги кунда мустақил фикрли, интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялашда, аввало, уларнинг маънавиятини шакллантириш масаласида яқиндан ҳамкорлик қилади.
Кун тартибига қўйилган Ёшлар иттифоқининг вазирликдаги етакчилар кенгашини сайлаш маросими ҳам шаффоф тарзда, қизғин баҳс-мунозараларга тўла ҳолда ўтказилди. Кенгаш аъзолигига иттифоқнинг икки йўналиши бўйича иқтисодий таҳлил ва молия бошқармаси бош мутахассиси Шаҳбоз Эшназаров ҳамда йиғма ахборот-таҳлил бошқарма бошлиғи ўринбосари Анвар Жуманиёзовлар сайланди.
Иттифоқнинг вазирликдаги етакчилар кенгаши раислигига театрлар ва концерт томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озоджон Юлдашев ва ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқарма бошлиғи Жамолиддин Узаков номзодлари таклиф қилиниб, иштирокчиларнинг 80 фоиз овози билан ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқарма бошлиғи Жамолиддин Узаков сайланди ва унга бевосита маданият вазирининг ёшлар масалалари бўйича вазир ўринбосари мақоми берилди.
Изоҳ (0)