Миллий хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бошқармаси, Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан 19 октябрь куни олиб борилган тезкор тадбир натижасида спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Фарғона шаҳридаги Мангулик кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Оминахон Акбарова ўз хонадонида яширин тарзда қўлбола спиртли ичимликлар тайёрлаш билан шуғулланиб келган.
Хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қўлбола ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех фаолият юритаётгани, хусусан, ушбу цех ишчиси Миржалол Саматов турли номдаги қўлбола ароқ маҳсулотларини тайёрлаётганлиги аниқланди.
Яширин цехни кўздан кечириши натижасида ярим литр ҳажмли шишаларда «Медовий вкус», «Масков», «Мастона» номли қўлбола ароқ маҳсулотлари, 595 литр этил спирти, 840 литр тозаланган минерал сув, ярим литр ҳажмли 800 дона бўш шиша, 23 875 дона аксиз марка, 56 500 дона ароқ идиши қопқоқлари, 8 417 дона ва икки ўрам («Масков», «Мастона», «Тундра» номли) ёрлиқ, 39,7 килограм қоғоз қути, ароқни қадоқлаш ускунаси, қадоқлаш учун 30,3 килограмм полиэтилен плёнка, спирт ҳароратини ўлчовчи ускуна ва рақамли муҳр борлиги аниқланди.
Тадбир давомида умумий қиймати салкам 58,5 миллион сўмлик 595 литр этил спирти, 123 литр қўлбола усулда тайёрланган спиртли ичимлик ашёвий далил сифатида олинди. «Ҳозирда юқоридаги ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади расмий ахборотда.
Изоҳ (0)