Ўзбекистон миллий терма жамоасига «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев вақтинча бош мураббий этиб тайинлангач, «Championat.asia» ходими ундан интервью олди. Бердиев ўйин кунлари телефонини ўчириб қўяди. Шу сабабли журналист уни «Насаф» — «Динамо» ўйинидан кейин суҳбатга тортди.
ЎФФ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги мураббийи Рўзиқул Бердиев бўлишини тасдиқлади
Қаршининг «Насаф» клуби кетма-кет 7 та ўйинда зафар қучди. Улар орасида амалдаги чемпион «Локомотив» ҳам бор эди. Шу 7 учрашув давомида «Насаф» умуман гол ўтказмади ва 20 та гол уришнинг уддасидан чиқди. Фарғонада терманинг собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов бошқарувидаги «Нефтчи» йирик ҳисобда таслим этилгач (3:0), Бердиевни ЎФФга чақиришди. «Насаф» тарихда илк бор Фарғонадан йирик ғалаба билан қайтаётганди.Очиғи, бундай таклиф кутмагандим. «Нефтчи» билан ўйиндан кейин ЎФФга чақиришди. Борсам, Сардор Раҳматуллаев ва Шоакрам Исроилов кутиб олди, терма масаласида улар билан гаплашдим. Аниқ қарор Умид Аҳмаджонов Қатардан қайтиб келгач қабул қилинишини айтиб, мендан Амирлик термасига қарши ўртоқлик ўйинида термани бошқаришни сўрашди.ЎФФ яқиндагина ўтказган йиғилишда бир қатор мураббийлар келажакда термада тўп суриш потенциали бор бўлган футболчилар рўйхатини ўзи билганича тақдим этганди. Бердиевнинг айтишича, бунда умумий 60 га яқин футболчи кўрсатиб ўтилган. Термага номзодлар ҳам айнан улар ичидан танлаб олинади.Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи
Рўйхатдаги муносибларни термага чақирамиз. Бунда ёшларга алоҳида эътибор қаратилади. Бироқ бу жамоада тажрибали футболчилар бўлмайди, дегани эмас. Биз тажриба ва ёшликни уйғунлаштирган таркиб тузамиз.ЎФФ Рўзиқул Бердиевга ҳеч қандай шартнома таклиф қилмаган ва фақатгина 1 та учрашувда мураббий бўлишни сўраган. Ўз навбатида мураббий унга шартнома керак эмаслигини ва терма жамоа учун ҳар қандай вазиятда ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.Термада менга асосан «Насаф»даги ёрдамчиларим кўмаклашади. Бошқа кимнидир таклиф қилишни эса ўйлаб кўраман.
Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи
Мураббий доимо босим остида ишлайди. Демак, бунга у доим тайёр туриши керак, унинг масъулияти юқори бўлади. Термани бошқариш янада катта вазифа, бунда босим янада кўпроқ бўлади. Шунга қарамай, хотиржам ишлашимиз керак.Амирлик термасига қарши ўйинда легионерлар хизматидан фойдаланмаймиз. Унда Олий Лига футболчилари тўп суради. Бош жамоа фақатгина «Насаф», «Пахтакор» ёки «Бунёдкор»дан иборат эмас, ким лойиқ бўлса, қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, унга эшик очилади.
Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи
Ўзбекистон термаси устози бошқарадиган «Насаф» кетма-кет 7 ўйинда қуруқ серия билан зафар қучди
Савол туғилади. «Насаф» яхши рельсга тушиб олгани ҳолда, бир текис ўйин намойиш қилаётган бўлса-ю, мураббийлар штабининг асосий эътибори термага қаратилса, унда клуб нима бўлади?Бу, албатта, оз бўлса-да бизни ташвишга солади. Чунки эътиборни бир эмас, икки тарафга қаратишимизга тўғри келади. Умид қиламанки, бунда хатоларга йўл қўймаймиз. «Насаф» билан мавсум охиригача муваффақиятли давом этишимиз керак. Аммо асосий эътибор барибир терма ўйини ва йиғинига қаратилади.Ўзбекистон миллий терма жамоасини Самвел Бабаян бошқарганида, мухлислар ҳужумкор футбол кўрмаётганларидан нолиб келарди. Бердиев эса айнан ҳужумкор футбол тарафдори экани ҳақида айтди.Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи
БААга қарши қандай ўйнашимизни рақибни яхшилаб ўрганиб чиққач ҳал қиламиз. Мен ҳужумкор футбол тарафдориман. Ўз жамоамда ҳам шу услубдан фойдаланаман. «Насаф» тўп билан кўпроқ муомалада бўлишга ҳаракат қилади.Бердиев термага хориждан мураббий олиб келиниши мумкинлигини яхши билади. «Насаф» билан шартномаси шу йил якунига етадиган мутахассис, берилган кичик имкониятдан максимал фойдаланишга ҳаракат қилади.Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи
Мутахассис кеча — 20 октябрь куни «Насаф» билан Самарқанднинг «Динамо» клубини ҳам йирик ҳисобда мағлуб этди — 3:0. Ва эртасигаёқ терма фаолияти билан шуғулланишга киришиши ҳақида айтиб ўтди. Бугун у Бухорога бориб, Олий Лига 25-турининг «Бухоро» ва «Пахтакор» клублари иштирокидаги марказий ўйинини томоша қилади.
Изоҳ (0)