Россиянинг Калининград шаҳри мэри Александр Ярошук шаҳар аҳолисига футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионати пайти «шаҳардан чиқиб, табиат қўйнида дам олиш»ни тавсия қилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
«Шаҳар тўлиб-тошиб кетади. Ҳаракатланиш жуда қийинлашади, амалда тақиқлаб қўйилади, ишқибозларни олиб юрадиган ‘моки’лар истисно», — деди Ярошук «Комсомольская правда Калининград» радиостанцияси эфирида.
Шунингдек, мэр Калининград қабул қилаётган тўрт учрашувдан бири «топ» даражада бўлишини қайд қилди.
«Шаҳарга 70–100 минг турист келади. Асосан шаҳарда сайр қилишади, пабларда ўтиришади. Албатта, барча стадионга туша олмайди», — деди у.
Шу боис, мэрнинг фикрича, Жаҳон чемпионати кунлари шаҳарликлар «тартибли, меҳрибон бўлиши, ҳеч кимни урмаслиги» лозим.
«Агар инглиз тилини билсангиз, меҳмонлар билан мулоқот қилишингиз, шаҳар ҳақида гапириб беришга тайёр туришингиз, қисқаси, меҳмондўст бўлишингиз керак», — деди шаҳар раҳбари.
Олдинроқ вилоят ҳокимияти футбол ўйинлари ўтадиган уч бегим кунини ишламайдиган кунга айлантириш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган эди. Калининград қабул қиладиган тўртинчи учрашув дам олиш куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)