Ислом Каримов номидаги Фонд илк стипендиатларни Германия, Италия ва Россиянинг олийгоҳларига ўқишга йўлламоқда. Фонднинг 12 нафар стипендиати кейинги 2 йил давомида магистратура дастури бўйича чет эл олий ўқув юртларида таълим олади. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаева Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
«Ўзбекистоннинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Британия Кенгашининг ваколатхонаси, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Инҳа, Турин Политехника ва Ломоносов номидаги Москва давлат университетларининг Тошкентдаги филиалларига миннатдорлчигимни изҳор этаман. Ўз билими ва меҳнати билан юқори натижаларга эришган ушбу ёшларни кўрганда инсоннинг қалби фахр туйғусига тўлади.
Грант соҳибларининг барчасини чин дилдан табриклайман ва ўқишларида омадлар тилайман. Улар Европанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олиб, келажакда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишига ишонаман», — деб ёзди Лола Каримова-Тиллаева.
Ислом Каримов Фонди 2016 йил октябрь ойида мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси ва Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган. Иқтидорли ёшларга миллий ва хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун грантлар тақдим этиш Ислом Каримов номидаги фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.
https://www.facebook.com/lola.karimova.tillyaeva/videos/1502600706493538/
Изоҳ (0)