Каталония ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, 1 октябрь — ҳудуд мустақиллиги ҳақидаги референдум ўтказилган кунда — полиция билан тўқнашувлар натижасида 844 киши жабрланди, деб ёзади Meduza.
Испания ички ишлар ваирлиги, ўз навбатида, 19 нафар жабрланган полиция ходимлари ва 14 нафар ҳибсга олинган норозилик акцияси иштирокчилари ҳақида маълум қилди.
Испания ҳукумати Каталония мустақиллиги ҳақидаги референдум ўтказилишини ноқонуний деб эълон қилди. Полиция сайлов участкаларини ёпиш ҳамда сайлов варақалари ва қутиларини мусодара қилиш орқали овоз беришга йўл қўймасликка уринди. Натижада мухториятнинг турли аҳоли пунктларида оммавий акциялар авж олиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Каталония ҳукуматининг расмий вакили Жорди Турул Барселонадаги матбуот анжуманида референдум иштирокчиларининг 90 фоизи Испаниядан ажралиб чиқиш учун овоз берганини маълум қилди.
Изоҳ (0)