Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қарийб 3,5 килограмм гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланишига чек қўйилди, деб хабар беради Божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Чироқчи туманининг Қўшариқ маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳсин Эсонов ҳамда Дўстқобил Мардонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари етиштириш, тайёрлаш билан ғайриқонуний шуғулланиш қатъиян тақиқланганини билишса-да, хонадонлари ҳовлисида гиёҳвандлик ўсимликларини парваришлаб, етилган «оғу»ни келгусида сотиб, мўмай даромадга эга бўлиш мақсадида хуфиёна тарзда сақлаб келган.
Вилоят божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалига Дўстқобил Мардонов Қарши шаҳридаги «Билайн» уяли алоқа компанияси биноси орқасида Nexia русумли автомашина олд ўнг ўриндиғи остига яширин тарзда жойлаштирган оғирлиги 12,6 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасини сотиш мақсадида тургани аниқланди. Унинг яшаш хонадони ўрганилганда эса, ошхонадан оғирлиги 807,9 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси топилди.
Суриштирув давомида Дўстқобил Мардонов муқаддам гиёҳвандлик моддаларининг бир қисмини қишлоқдоши Муҳсин Эсоновдан олганлиги маълум бўлди.
Тадбир давомида Муҳсин Эсоновнинг ҳам жиноий қилмишига чек қўйилди. Унинг ҳам хонадони кўздан кечирилганда, молхонанинг орқа томонидаги экин майдонида бир неча туп гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги ҳамда ҳовлисидаги тандирхона ва ошхонанинг турли жойларида хуфёна тарзда оғирлиги 357,6 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний сақлаб келгани аниқланди.
Бундан ташқари, Муҳсин Эсонов жиноий шериги Дўстқобил Мардоновга муқаддам ўзи етиштирган оғунинг 15 граммини 80 минг сўмга, сўнгра 20 граммини 100 минг сўмга сотгани ҳам божхона суриштируви жараёнида маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукми билан фуқаролар Д.Мардонов ҳамда М.Эсоновлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Маълум бўлишича, қонунбузарлик аниқланишига қадар Муҳсин Эсонов тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари лавозимида ишлаб келган.
Изоҳ (0)