Москва ва бутун Россия патриархи Кирилл бошчилигидаги Рус православ черковининг Москва патриархати делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди, деб хабар берди ЎзА.
Ўзбекистонда 157 та христиан ташкилоти мавжуд. Бу йўналишда кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкентда православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.
Тошкент православ семинариясида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари талабалари ҳам таҳсил олмоқда. Ўзбекистондаги христианлар Россия, Исроил, Греция каби мамлакатлардаги муқаддас қадамжоларга зиёратга бориб келмоқда.
Тошкент епархияси жорий йилда ўзининг 145 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан Тошкентдаги «Туркистон» саройида тантанали тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Рус православ черковининг Москва патриархати делегацияси мазкур байрам тадбирида иштирок этади.
Москва ва бутун Россия патриархи Кирилл Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Мусулмонлар идораси раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Ўрта Осиё митрополит округи, пойтахтдаги монастир ва черковларга ташриф буюради. Дин вакиллари билан учрашади.
Делегация аъзолари Самарқандга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўяди. Хўжа Дониёр мақбараси, Алексеевский собори ва бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилади. Меҳмонлар Бухорода ҳам бўлиб, тарихий обидаларни томоша қилади.
Изоҳ (0)