Кобул аэропорти яқинига бир неча ракета келиб тушди. Бу ҳақда Афғонистон ИИВ вакили Нажиб Дониш маълум қилди, дея хабар берди «РИА Новости».
«Ракетадан ўққа тутиш оқибатида ҳеч ким жабрланмади. Парвозлар билан боғлиқ вазият ҳам жойида», — дея ёзув қолдирди Дониш Twitter’даги саҳифасида.
Бироқ, Tolo News аэропорт ҳудуди ва унинг атрофига 20-30 ракета йўллангани, барча рейслар бекор қилингани ва эвакуация ўтказилганини маълум қилди. Телеканалга кўра, зарбалардан кўзда тутилган мақсад аэропортга туташ НАТО базаси бўлиши мумкин.
Аввал «Толибон» ҳаракати, сўнг ИШИД мазкур зарбалар учун жавобгарликни зиммасига олди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эълон қилинмаган ташриф билан Кобулга келгани билдирилганди. Ҳужум пайти юқори мартабали меҳмонлар Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашувда бўлган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)