Татаристон Президенти Рустам Миннихонов 23 сентябрь куни Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кутиб олди.
Татаристон раҳбари 24 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади. Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида меҳмон Тошкентга келади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида мамлакатда истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб фуқаролар билан учрашади, Татаристон санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилади.
Ташрифнинг асосий воқеалари 25 сентябрга мўлжалланган. Рустам Миннихонов Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўяди.
Шу куни Миннихонов пойтахтдаги Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этиладиган Ўзбекистон – Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашади.
Татаристон президенти Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказади, пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилади.
Изоҳ (0)