Олимлар Ханти-Мансийск автоном округи — Юграда жойлашган «Нех-Урий» археологик ёдгорлигидан биринчи бор илк неолит даврига оид кварцдан ишланган сандонни топди. Бу ҳақда 18 сентябрь, душанба куни Урал археологик экспедицияси илмий ходими Елена Данилова маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Эрамиздан олдинги 6 минг йилликка оид кварцдан ишланган сандон топилди, бу ноодатий топилма. Шу пайтга қадар биз бунақа буюмни топмаганмиз. Ушбу артефакт ҳозирги юзадан 2,5 метр чуқурликдан топилди. У қўл урилмаган тупроқ қоплами билан бекилиб қолган бўлиб, бу ҳам кутилмаган ҳолат», — дейди агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига қараганда, умумий майдони 2 минг квадрат метрга яқин майдондан сандондан ташқари илк неолитдан ўрта асрларгача бўлган даврга мансуб бошқа буюмлар ҳам топилган.
«Булар асосан сопол идишлар парчалари, тош ва металл буюмлар қолдиқлари, қадимий қурол-яроғлар, тош тахталардир. Металлдан ясалган алоҳида буюмлар, масалан, игна ҳам бор. Жами 5 мингдан ортиқ артефакт топилган», —деб қўшимча қилди Данилова.
У материалларга ишлов бериш ва реставрация қилиш билан екатеринбурглик мутахассислар шуғулланишини маълум қилди.
Изоҳ (0)