Американинг Денвер шаҳрида (Колорадо штати) истиқомат қилувчи фуқаро Starbucks қаҳвахоналар тармоғи устидан судга мурожаат қилди. У компанияни ўзининг кучугини ўлимида айбламоқда, деб хабар берди CBS News.
2015 йилнинг сентябрида Дианна Салас-Солано машинасида қаҳвахонага келиб чой харид қилган. Аёлнинг сўзларига кўра, ходим унга махсус ушлагичи йўқ ҳамда оғзи яхши ёпилмаган стаканни узатган.
Натижада аёл қўлларини куйдириб олган ва чойни қорин ҳамда сонига тўкиб юборган. Танаси куйган аёл бақириб юборган. Шунда унинг кучуги тиззасига отилган ва стаканга тегиб кетиб, унинг ичидаги қолган ичимликни тўкиб юборган.
Олинган жароҳат оқибатида кучук ветеринария шифохонасида вафот этган. Унинг эгаси ҳам тана юзасининг иккинчи даражали куйиши билан шифохонага етказилган. Даволаш ишлари давомида аёлга тери кўчириб ўтказишга тўғри келинган.
Starbucks компанияси ўз ходимининг айбдор эмаслигини таъкидламоқда. Тармоқ вакилларининг сўзларига кўра, ҳақиқат улар томонида эканлигини исботловчи видео мавжуд. Уни судда тақдим этишга тайёрлар.
Изоҳ (0)