Америка-Исроил иқтисодий тарихчиси ва «Бойлик дастаги» асари муаллифи Жоэль Мокир қандай қилиб сиёсий парчаланиш Европани Саноат инқилоби ва гуллаб-яшнашга олиб келганлиги ҳақида ҳикоя қилади, деб ёзади InsiderPro нашри.
Замонавий дунёда етакчилик қилувчи мамлакатлар қандай қилиб бу каби тараққиётни таъминлашга муваффақ бўлди? Тарихчилар, иқтисодчилар, сиёсатчилар ва бошқа олимлар нега жўшқин иқтисодий ўсиш жараёни айнан XVIII аср Ғарбий Европасида бошланганлиги ҳақида китоблар ёзди.
Энг қадимий ва ишончли изоҳлардан бири бу Европанинг узоқ вақт давомидаги сиёсий тарқоқлигидир. Асрлар давомида ҳеч бир ҳукмдор мўғиллар ва Мин сулоласи Хитойни бирлаштирган каби Европани бирлаштира олмади.
Таъкидлаш жоизки, Европанинг муваффақияти — бу Европа маданияти устунлигининг натижаси эмас.
Европа иқтисодий мўъжизаси бир нечта яримтасодифий омиллар туфайли юз берди. У онгли равишда режалаштирилмаган эди. Бироқ у содир бўлди ва билимларга асосланган иқтисодий ўсиш барқарор жараёнга айланди.
Бу қандай иш берди? Тафсилотларга берилмасак, Европанинг сиёсий тарқоқлиги маҳсулдор рақобатга туртки берди.
Европа ҳукмдорлари энг яхши заковат эгалари ва ҳунармандлар учун бир-бири билан рақобат қиларди. Иқтисодий тарихчи Эрик Жонс бундай курашни «давлатлар тизими» деб атади.
Бир нечта рақобатчи давлатларнинг мавжудлиги илмий ва технологик инновацияларга имкон туғдирди. 1789 йилги «Рим империяси парчаланиши ва қулаши тарихи» асари муаллифи Эдвард Гиббон шундай ёзади: «Ҳозирги пайтда Европа 12 та тенг кучли бўлмаса-да, қудратли монархия, учта республика ва кўплаб кичик мустақил давлатларга бўлинган».
Давлатлар ўртасидаги рақобат ва бошқаларнинг хатосидан хулоса чиқариш имконияти Европага сиёсий авторитаризмнинг кўплаб кўринишларини четлаб ўтишга кўмак берди. Гиббон «тинч даврда шунча серғайрат рақобатчининг рақобатидан илм-фан ва саноат муваффақиятлари тезлашади», деб ҳисоблайди. Бошқа ёзувчилар, масалан, Дэвид Юм ва Иммануэл Кант ҳам унинг фикрига қўшилади.
Давлатлар ўртасидаги рақобат кўплаб муҳим иқтисодий жараёнлар — Буюк Пётр ислоҳотларидан АҚШнинг 1957 йилда Совет сунъий йўлдоши учирилишига жавобан ваҳимали технологик мобилизациясига асос бўлди.
Асосийси, «давлатлар тизими» сиёсий ва диний ҳокимиятларнинг илм-фаннинг тарқалиши устидан назоратини чеклади.
Бу назарияга ошкора қаршилик шундаки, биргина сиёсий тарқоқлик ривожланиш учун етарли эмаслигидадир. Ҳиндистон субконтиненти ва Яқин Шарқ, қолаверса Африка ҳам ўз тарихининг катта қисмини парчаланган ҳолда ўтказган, бироқ у ерларда ҳеч қандай Буюк бойиш юз бермаган.
Табиийки, бошқа омиллар ҳам бўлиши керак. Улардан бири янги ғоялар ва технологик инновациялар учун «бозор» ўлчами бўлиши мумкин. 1769 йилда Мэтью Болтон шериги Жеймс Уаттга шундай ёзади: «Двигательингизни бор-йўғи учта округ учун ишлаб чиқариш ўринли бўлади, деб ўйламайман; у бутун дунё учун ишлаб чиқаришга арзийди деб ҳисоблайман».
Бу тамойил нафақат буғ двигателлари, балки астрономия, тиббиёт ва математика бўйича китоблар учун ҳам ўринли эди.
Европа етарлича интеграциялашган ғоялар бозорини намойиш этган. Ғарб ўқимишли кишилари янги билимлар билан эркин алмашган. Ўрта аср черковининг роли ҳам муҳим бўлган: «Европа» атамаси кенг тарқалгунга қадар ҳам маҳаллий аҳоли ўзини ягона «христиан дунёси» деб ҳисоблаган.
Европанинг етакчи заковат соҳиблари мунтазам равишда давлатлар ўртасида кўчиб юрган. Буни XVI аср Европа гуманизмининг буюк икки вакили биографиясидан ҳам яққол кўриш мумкин. Хуан Луис Вивес Валенсияда дунёга келиб, Парижда таълим олган, ҳаётининг катта қисмини Фландрияда ўтказган. Шу билан бир пайтда Оксфорддаги Корпус-Кристи коллежи аъзоси бўлган ва бир мунча вақт Генрих VIII нинг қизи Мерига устозлик қилган. Эразм Роттердамский Лёвен, Англия ва Базелда кўчиб юрган, Турин ва Венецияда ҳам бир муддат бўлган.
Заковат эгалари Европа бўйлаб кўчиб юрар экан, уларнинг ғоялари янада тезроқ тарқалган. Айниқса, печат станоги ва ишончли почта тизими пайдо бўлгандан сўнг. Галилей ва Спиноза каби ғоялар ёритқичлари умуммашҳур бўлган ва мабодо маҳаллий цензура уларнинг асарлари чоп этилишини тақиқлашга уринса, нашр этувчиларни чет элда осонлик билан топиш мумкин эди.
Галилейнинг тақиқланган китоблари тезда Италиядан олиб чиқиб кетилиб, протестант шаҳарларида чоп этилган.
Европанинг сиёсий тарқоқлиги заковатли кишиларга ғоялар эркинлигини таъминлади. Бу Хитой ёки Усмон империясида имконсиз эди. Европанинг бир бурчагида ёзилган китоблар унинг бутун ҳудуди бўйлаб тез тарқалар эди. Озгина вақтдан сўнг уларни ҳамма жойда мутолаа қилишар, нусха олишар ва муҳокама қилишарди. Европанинг қайсидир нуқтасида янги кашфиёт ихтиро қилинса, бироз вақтдан сўнг у Европанинг бутун ҳудудида муҳокама қилинар ва қўлланар эди.
Европа интеллектуаллари ҳар қандай тан олинган ҳақиқатга қарши чиқишга тайёр эди. Улар биргаликда очиқ, эркин илм-фанга содиқликка қасамёд қилган эди.
Гиббоннинг таъкидлашича, ватанпарвардан фарқли равишда файласуфга Европани ягона «буюк республика» сифатида қарашга йўл қўйилар эди.
Натижада юзага келган кўплаб маданий омиллар: ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга ишонч, илмий ва интеллектуал инновацияларни тан олишнинг ўсиб бориши, рационал ва Бекон билимларига содиқлик кабилар Буюк бойишга олиб келди.
ХVII аср «Олимлар республикаси»нинг файласуф ва математиклари экспериментал илм-фан ғоясини асосий восита сифатида қабул қилди ва табиатни тушуниш ва тасвирлашда асосий усул сифатида математикага мурожаат қилди.
Таъкидлаш жоизки, илм-фандаги тараққиёт нафақат очиқ трансмиллий ғоялар бозори туфайли, балки табиий фалсафа соҳасидаги тадқиқотларга имконият яратган янада мукаммал асбобларнинг яратилиши билан боғлиқ эди. Улардан асосийлари — микроскоп, телескоп, барометр ва замонавий термометр эди. Уларнинг барчаси ХVII асрнинг биринчи ярмида ишлаб чиқилган эди. Янада аниқроқ асбоблар физика, астрономия ва биологияга кўплаб янглиш фикрларни рад этишга ёрдам берди.
Тан олишимиз керакки, Европанинг Буюк бойиши унинг тарихий йўлидаги муқаррар босқичи эди. Агар дастлабки шарт-шароитлар бошқача шаклланганда, Саноат инқилоби ҳеч қачон юз бермаслиги мумкин эди.
Ғояларнинг очиқ бозори Европа маорифи учун асос бўлди: илмий ва интеллектуал тараққиётга ишонч сиёсий дастурга айланди. У кўп сонли камчиликларига қарамасдан, ҳамон Европа мамлакатларининг сиёсати ва иқтисодиётини белгилайди.
Охир-оқибатда дунё ҳанузгача рақобатчи субъектлардан ташкил топган. Ғоялар бозори ҳар қачонгидан кўра фаолроқ, инновациялар эса борган сари тезкор суръатлар билан юз бермоқда. Биз ҳали тараққиётнинг энг оддий самарасини ҳам кўрмадик — олдинда эса бизни янада кўпроқ таассурот қолдирувчи нарсалар кутмоқда.
Изоҳ (0)