Ҳиндистоннинг дунёга машҳур Apollo клиникаси шифокорлари Наманганда бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Дастлаб ҳинд шифокорлари Наманган шаҳридаги вилоят кўп тармоқли марказий шифохонасида маҳаллий ҳамкасблари учун тақдимотлар ўтказди. Тақдимотлар давомида кардиожарроҳлик, ортопедия, гепатология, дерматология ва бошқа йўналишлардаги энг сўнгги изланишлар, операциялар ўтказиш амалиёти намойиш этилди, ўзаро тажриба алмашилди.
Сўнг меҳмонлар вилоятнинг чегара туманларидан бири — Янгиқўрғонга йўл олди ва туман марказий шифохонасида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.
— Буни тиббий кўрик эмас, балки беморларга касалликлари ташхиси ва уларни даволаш усуллари юзасидан қўшимча фикр билдириш, десак тўғрироқ бўлади. Чунки ўзбек ҳамкасбларимиз малакасини юксак баҳолаймиз. Янгиқўрғонда тери касалликларига чалинган ўнлаб беморларни қабул қилдим. Кардиожарроҳ доктор Вирпул Ройнинг қабулидан ҳам одам аримади. Ташрифимиз давомида ўзбекистонлик беморларга нафимиз теккан бўлса, бундан фақат мамнун бўлардик, — деди профессор Мунир Аҳмад.
Изоҳ (0)