— Иккаласини ўлдирасан, хўш кейинчи?
— Ўтириб, кечки таомимни тугатиб қўяман.
«Чўқинтирилган ота», 1972 йил, режиссёр Фрэнсис Форд Коппола
Оилавий ришталар атрофида бунёд этилган Сицилия мафияси ХХ асрда дунёдаги энг нуфузли жиноий уюшмалардан бирига айланди, «коза ностра» сўз бирикмаси эса (итальянчадан таржимаси — «ўзимизнинг иш») ҳар биримизга таниш, деб ёзади «РИА Новости».
Дастлаб «мафия» сўзи ҳам фақат Сицилия жиноий тўдаларига тааллуқли бўлган ва оммавий маданиятда улар нуфузининг ошиб бориши билан дунёдаги барча уюшган жиноятчилик учун умумий номга айланди.
Коза нострада ёзилмаган ор-номус кодекси — омерта («айланма кафиллик») амал қилади. Унда қуйидаги қоидалар мустаҳкамланган: ташкилотни тарк этишнинг ягона сабаби — ҳаётни тарк этиш; ташкилот аъзолари сўзсиз бошлиққа бўйсунади; сотқинлик — энг оғир гуноҳ; клан аъзоларидан бирини ҳақорат қилиш — бутун гуруҳни ҳақорат қилиш; полиция билан ҳар қандай ҳамкорлик тақиқланади. Ушбу қоидаларни бузиш ўлим билан жазоланади. Бироқ бугун бу «сукут сақлаш» кодекси тез-тез бузилади: кўпчилик мафиялар рақобатчиларни йўқотиш мақсадида бир-бирини расмийларга «сотади».
Бундан ташқари, яна «ўнта қатъий қоида» мавжуд. Унга мувофиқ, масалан, ҳеч ким клан аъзоси билан ўзи таниша олмайди — у албатта бошқа мафиози томонидан таништирилиши лозим.
Мафияда қатъий иерархия мавжуд. Уни босс бошқаради, унинг қоида тариқасида бир нафардан уч нафаргача маслаҳатчиси — консилери бўлади. Босс оиласининг барча аъзолари ва маслаҳатчилар ташкилотнинг юраги — оилани ташкил этади. Ёрдамчи босс кландаги иккинчи одам ҳисобланади. Бошқа кичикроқ гуруҳларни капорежиме (кўпинча «капо»гача қисқартирилади) бошқаради. Унга мафия аскарлари — буйруқларни бевосита бажариш билан шуғулланувчи кишилар бўйсунади. Кланга аъзо бўлишда бўлажак «аскар» жиноий олам қоидаларига риоя қилишга қон билан онт ичади.
Мафиянинг АҚШда тарқалиши сицилияликларнинг Америкага оммавий имиграцияси билан боғлиқ эди. XIX ва ХХ асрлар оралиғида орол аҳолисининг тўртдан бир қисми — бир ярим миллионга яқин одам океан ортига йўл олди.
Бироқ миграция сицилияликларнинг ўзини тутиш қоидаларини ўзгартирмади. Коза нострага қарши машҳур курашчилардан бири Жованни Фалкони ўзининг «Ор-номус одамлари» китобида шундай ёзади: «Сицилия руҳи менга яхши таниш. Муфассал иборадан кўра, овоздаги ўзгариш ва кўз билан имлашдан кўпроқ нарса тушуна оламан. Бу ерда коза ностра Сицилия анъанавий ҳаёт тарзининг бузилган, бўрттирилган, экстремал ва аномал талқини эканлигини ҳамма билади».
Сицилия мафияси кланлари тез-тез ўзаро уришиб туради. Можароли ҳолатларда энг йирик ташкилотлар раҳбарлари кирувчи «мафия комиссияси» ёрдамига мурожаат қилинади. Бундай комиссияни жиноят оламидаги ҳукуматга қиёслаб бўлмайди — ҳар бир клан тўлиқ автоном ва мустақил ҳаракат қилади. Низоли вазиятларда барчаси ташкилотнинг ўз кучи ва обрўси, шунингдек, мафия етакчиси айёрлигига бориб тақалади.
Полиция кланларнинг алоҳида вакилларини ҳибсга олишга муваффақ бўлган бўлса-да, бу ҳодисага бутунлай барҳам бериш жуда қийин. Сицилия жиноят оламининг етакчилари устидан биринчи йирик жараён 1985 йилда бўлиб ўтган. Ўшанда кланлардан бирининг етакчиси Томмазо Бушетта рақобатчилари барча қариндошларини қириб ташлагандан сўнг омертани бузиб, полицияга кўрсатма берди. Юзлаб энг нуфузли мафия аъзолари судланиб, улардан кўпчилиги кейинчалик қамоққа олинди.
Бугун коза ностра ўз тарихидаги унча яхши бўлмаган даврини бошдан кечирмоқда. Сицилия аҳолиси мафияга қарши шиорлар остида акция ва маршлар ўтказмоқда. Можаролар туфайли кланлар етакчиларига қарши суд жараёнлари тобора кўпроқ ўтказилмоқда. Қочоқлар оқими яна бир муаммога айланди, уларнинг бир қисми мафияга қарши чиқишдан чўчимайди.
Сицилия кланларига бағишланган кўплаб китоб ва фильмлар томонидан ёйилган романтик ниқоб ортида хунук ҳақиқатни кўриш мумкин: бу ноқонуний бизнеси манфаатлари йўлида ўрнатилган қоидалар бўйича ўйнашга интилувчи корчалонлардир. Улар бу қоидалар тўпламини қанчалик жарангдор сўзлар билан атамасин, кланга аъзолик маросими қанчалик сирли кўринмасин, фойда учун улар бу қоидалардан четга чиқишга тайёр. Мафия аралашмаслиги керак бўлган яширин бизнес мавжуд эмас, барчасига рухсат берилган: бузуқлик, одам савдоси, қотиллик, рекет, ҳатто сайловчиларни сотиб олиш каби кутилмаган машғулот ҳам. Мафия қонунлари қайсидир жиҳати билан тадбиркорлик қонунларига ўхшаб кетади, бироқ жиноят олами савдо қилувчи ягона товар — бу зўравонлик.
Изоҳ (0)