Фарғона вилояти божхоначилари томонидан рангли металл парчаларини яширинча олиб чиқишга бўлган уринишлардан бири бартараф этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Фарғона туманининг чегарадош ҳудудида ҳаракатланаётган Mercedes Benz русумли автомашина белгиланган тартибда тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида қўшни давлатга ноқонуний равишда олиб чиқиш учун мўлжалланган 23 дона полиэтилен қопларда умумий қиймати 4 миллион 400 мингдан ортиқ, соф оғирлиги 828 килограмм мис рангли металл парчалари олиб кетилаётганлиги аниқланди.
Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, ушбу рангли металл парчалари фуқаро А.Ёрибековга тегишли бўлиб чиқди. Ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 1851-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ушбу моддага кўра, рангли металл парчалари ва чиқитларини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ноқонуний ўтказишга уриниш жарима, 2 йилдан 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 6 ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда рангли металл парчалари ва чиқиндиларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш тақиқланган. Бу турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.
Изоҳ (0)