6–7 сентябрь кунлари Ўзбекистон Бош прокуратурасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш: Франция ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро семинар ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Семинар давомида Франция Миллий магистратура мактаби ва Ўзбекистон Бош прокуратураси Олий ўқув курслари экспертлари, шунингдек, бошқа ўқув ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари маърузалар билан иштирок этди.
Франция вакиллари томонидан Франция прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, Франция Миллий магистратура мактабининг мазкур соҳадаги фаолияти, ўқув дастурларига бўлган эҳтиёж таҳлили ва уларни ишлаб чиқиш, прокуратура органларига ишга қабул қилиш (танлов ва унинг талаблари), шунингдек, ўқитиш тизимини ташкил этиш, тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ва тингловчиларнинг рейтинг базасини шакллантириш масалалари ёритилди.
Бундан ташқари, Миллий магистратура мактабида ўқитиш жараёнини ташкил қилиш, ўқитувчилар таркибини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш тажрибаси, шунингдек, таълим бериш ва ўқув жараёни сифатини ошириш ҳамда масофавий таълимни ташкил қилишнинг замонавий усуллари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, семинар давомида Бош прокуратуранинг кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш соҳасидаги фаолиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Иштирокчилар ўзаро фикр алмашди ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)