2–3 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон эксперт гуруҳларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Ўзбекистон–Қирғизистон қўшма комиссияси 8-мажлиси (2017 йил 16 август, Бишкек) баённомасининг «Чегара ҳудудида ҳамкорлик тўғрисидаги» VI қисмини ижро этиш доирасида ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш учун шароит яратиш, фуқароларнинг ўзаро сафарларини енгиллаштириш мақсадида ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битим (2006 йил 3 октябрь) ва давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимнинг (2004 йил 24 июль) бандларини амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди, чегара орқали алоҳида ўтказиш пунктларини очишга доир аниқ масалалар муҳокама қилинди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунига кўра баённома имзоланди.
Изоҳ (0)