Россия президенти Владимир Путин Корея ярим оролидаги вазият кенг кўламли низо ёқасида мувозанат сақлаётганини айтди, деб ёзади «Газета.ru» унинг Сямэнда 4—5 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган БРИКС саммити арафасида эълон қилинган мақоласига таяниб.
«Корея ярим оролидаги вазиятни эътиборсиз қолдира олмайман, у ерда сўнгги вақтларда вазият кескинлашди ва катта кўламли низо ёқасида мувозанат сақламоқда», — дея қайд этди Россия етакчиси.
Унинг таъкидлашича, Россия фикрига кўра, КХДРнинг ракета-ядро дастурларини фақат Пхеньянга босим ўтказиш орқали тўхтатиш мумкин, деб ўйлаш хато ва истиқболсиздир.
Путин минтақа муаммоларини барча манфаатдор томонлар ўртасида, олдиндан шарт қўймасдан туриб, тўғридан-тўғри музокаралар ташкил қилиш орқали ҳал этиш кераклигини қўшимча қилди.
«Гиж-гижлашлар, босим, уруш оловини ёқишга қаратилган ва ҳақоратловчи қуруқ гаплар ҳеч қаерга олиб бормайди», — деб ёзди президент.
Изоҳ (0)