Британия қироличаси ва унинг оиласи ҳаёти нафақат турли-туман имтиёзлар, балки кўп сонли қоидалар, чекловлар ва мажбуриятлардан иборат.
AdMe тўққизта ана шундай қоида ва Елизавета II нинг қайси қариндошлари ана шу қоидаларни бузишга жазм қилганлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Кичкина шаҳзодалар доим шорти кияди
Яқинда интернет фойдаланувчилари нега шаҳзода Жорж ҳар қандай об-ҳавода шорти кийиши ҳақидаги саволни муҳокама қилди. Сабаби оддий: Европанинг юқори жамияти азалдан шимларни эркаклар кийиши, ўғил болалар эса унча «жиддий» бўлмаган кийим кийиши лозим деб ҳисоблайди. Бу қоида улар саккиз ёшга тўлгунча амал қилади.
Сайлаш ҳуқуқидан воз кечиш
Қироллик оиласини сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи қонун мавжуд эмас. Яъни улар овоз бериш жараёнларида иштирок этиши мумкин, бироқ улар у ёки бу номзодга нохолис муносабатда айбланмаслик учун бундай қилмасликни маъқул кўради. Қизиқ, қиролича яқинда бўлиб ўтган сайловларда янги бош вазир Тереза Мэй учун овоз берган бўлардими?
Қора рангни фақат мотам маросимларида кийиш мумкин
Кўпчилик учун кундалик ранг ҳисобланган қора ранг қироллик оиласи учун фақат мотам ранги ҳисобланади. Шунинг учун шаҳзода Уильямнинг рафиқасини қора кўйлакда кўришингиз эҳтимолдан йироқ. Бироқ унинг онаси, малика Диана бу қоидани бузишга жазм қилган.
1994 йилда шаҳзода Чарльз билан қонуний никоҳда бўлган малика Диана Серпентайн галереясидаги зиёфатда ажойиб қора кўйлакда пайдо бўлди. Бу либос кейинчалик «қасос кўйлаги» деб ном олди, чунки айнан шу кунда Уэльс шаҳзодаси Kaмилла Паркер-Боулз билан кўп йиллик муносабатлари ҳақида оммага маълум қилди.
Моллюскаларни ейиш тавсия этилмайди
Соғлик ҳақидаги қоидалар тўпламида қиролича ва унинг қариндошларига моллюскаларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Эҳтимол, улар мидии ва устрицалар ўзида тўплаши мумкин бўлган заҳарли моддалар туфайли хавфли ҳисобланар. Одатда ушбу қоида бузилмайди, бироқ бу борада чаҳзода Чарльз бошқалардан ажралиб, Устрицалар фестивалига борди. Бошқа баъзи маҳсулотлар ҳам истеъмол учун тавсия этилмайди. Яхшиямки, музқаймоқ бу рўйхатда йўқ.
Тахт меросхўрларининг бирга саёҳат қилиши мумкин эмас
Бу вазиятда барчаси мантиқий: афсуски, самолётлар баъзан қулайди, поездлар тўқнашади, кемалар эса чўкади. Икки тахт меросхўридан бир пайтнинг ўзида маҳрум бўлиш икки карра дахшатли бўлиши мумкин. Шунинг учун Чарльз ва Уильямнинг одатий ота-бола каби саёҳатга чиқиши эҳтимоли жуда кам.
Автограф берилмайди
Британия қироллик оиласи мухлисларига хушмуомалалик билан муносабатда бўлади, расмий учрашувларда улар билан мамнуният билан суҳбатлашади, бироқ уларга автограф бермайди. Норасмий ҳужжатлардан бошқа жойга имзо қўйиш улар учун хавфли ҳисобланади. Бироқ бунда ҳам шаҳзода Чарльз бошқалардан ажралиб турди: 2010 йилда у Корнуоллдаги сув тошқини қурбонларидан бири учун «Чарльз 2010» кўринишидаги сохта автограф қолдирди.
Англикан эътиқодидан бошқа динга итоат қилиш мумкин эмас
Маълумки, Буюк Британияда монарх англикан черкови бошлиғи ҳам ҳисобланади, шунинг учун унинг бошқа динга эътиқод қилиши бир мунча ғалати бўлган бўларди. Аввал қироллик оиласи аъзоларининг бошқа дин вакиллари билан никоҳдан ўтиши ҳам тақиқланган эди, бироқ 2011 йилда бу тақиқ олиб ташланди.
Мўйнали либослар кийиш — йўл қўйиб бўлмайдиган ҳашам
Қоидаларга кўра, ҳашам бошқаларнинг ғашини келтирадиган бўлмаслиги лозим. Шунинг учун протокол қиролича ва унинг қариндошларига омма олдида мўйнали кийимларда кўриниш беришни тавсия қилмайди. Бундай ҳолатлардан бири қироличанинг 1994 йилда Россияга ташрифи чоғида юз берган эди (чапдаги сурат). Мазкур тавсия фақат мўйнали палтоларга тааллуқли, мўйнали ёқалар ва бош кийимларни бемалол кийиш мумкин.
Қироллик оиласи аъзолари Рождествони бирга ўтказиши лозим
Қироллик оиласи ҳар бир Рождествони Норфолкдаги Сандрингем саройида бирга ўтказади. Улар оилавий байрамлар суратларини бўлишишни маъқул кўрмайди, бироқ Мадам Тюссо музейи бу қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур қилди.
Изоҳ (0)