«Дарё» эксклюзив интервьюси: «Уяли алоқа мамлакатга миллиардлаб доллар даромад олиш имконини беради»

Huawei Tech Investment Tashkent компанияси бош директори Ван Пэн билан интервью.

Фото: «Дарё» / Бахтиёр Насимов

— Жаноб Ван Пэн Huawei компаниясининг Ўзбекистонда ахборот технологияларни ривожлантиришга киритган инвестициялари ҳажми қанақа?

— Мамлакатдаги 17 йиллик фаолиятимиз давомида 110 миллион доллардан зиёд инвестиция киритдик. Энг аҳамиятли лойиҳалар қаторига Uzinfocom, UzMobile, мобил операторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётганларини киритишим мумкин. Устига-устак уяли операторлар, корпоратив мижозлар ва якуний истеъмолчилар учун лойиҳалар бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб амалга оширилмоқда. Масалан, Beeline, UzMobile ва UMS учун база станциялари. Компания мутахассислари ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи у ёки бу тарзда Huawei технологияларига асосланган мобил ва телекоммуникация алоқасидан фойдаланади.

«Битта тугмани босиш кифоя»

 — Яқинда Халқаро пресс-клубда Ўзбекистонда мобил алоқа оқими зичлигини чеклашнинг ноўрин тарзда паст (2,5 mkW/см² дан баланд эмас) чегараси амал қилиши ҳолати фаол муҳокама этилди. Мобил операторлар фикрича, бу телекоммуникациялар соҳаси тараққиётини ушлаб турибди, шунингдек, мобил алоқа сифати ва нархига салбий таъсир қиляпти. Сизнинг ушбу муаммо юзасидан нуқтаи назарингиз қандай?

— Европа билан таққосласак, Ўзбекистонда нурланишнинг одам саломатлигига ва аҳолига таъсири бўйича талаблар анча, тўрт карра қатъийроқдир. Европада ўртача стандарт 10 mkW/см². Бу ерда шуни эътиборга олиш керакки, Европада 2G, 3G, 4G алоқалари бўйича кўп йиллик чуқур тадқиқотлар ўтказилган ва илм-фанга асосланган тавсиялар берилган. Менимча, Ўзбекистонда фуқаролар саломатлигига хавф солмаган ҳолда бемалол европача тавсиялар ва стандартларни асос қилиб олиш мумкин.

Менимча, Ўзбекистонда фуқаролар саломатлигига хавф солмаган ҳолда бемалол европача тавсиялар ва стандартларни асос қилиб олиш мумкин.

— Агар эртага Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда сигнал даражасини ошириш ҳақида қарор қабул қилинса, қўшимча ускуналар керак бўладими? Ёки дастакни бураш кифоя бўладими?
— Бунинг учун битта тугмани босиш кифоя. Аммо кенг полосали Интернет алоқаси ва мобил интернетнинг кириб бориш даражасини ошириш масаласига келсак, унинг ечими анча мураккаброқ. Ўзбекистонда бу баъзи қўшни мамлакатлардагига қараганда сезиларли даражада паст. Бу оптик толали кабелларни ётқизиш билан боғлиқ етарлича кўп маблағ талаб қиладиган жараёндир.

Ўзбекистонда АКТ истиқболлари

 — Сиз 16 йилдан буён Huawei’да ишлайсиз, устига-устак, сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидасиз. Бир дақиқага тадбиркор эканлигингизни, 75 миллиард доллар айланмаси бўлган компания вакили эканлигингизни унутиб туринг. Менга ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассис сифатида жавоб беринг: Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш истиқболлари ҳақида нима дея оласиз?

—Буни қанчалик истасам-да, Huawei ходими ва бизнесмен эканлигимдан фикран узоқлаша олмайман. «Ван Пэн шундай деди» деган гапни ўқиб, буни компаниянинг фикри сифатида қабул қилишади.

Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантириш учун бир қатор рақобатбардош афзалликлар бор.

Биринчиси. Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли. Катта бозор.

Иккинчиси. Ёшлар жуда кўп. Ёшлар ҳамиша янгиликка, янги технологияларга интилади, янги ишланмалар билан қизиқади.

Учинчиси. Таълим. Мамлакатда талабалар, университетлар битирувчилари кўплигидан хабарим бор. Бунинг устига, сизда ўқувчилар ва талабалар кўп тилда сўзлашади, кўпинча иккитадан ортиқ тил билади, бу ҳам фикрлашнинг мослашувчанлигидан дарак беради.

Битта база станциясини ўрнатиш учун 9 (!) ой сарфлаш ва 20 та турли идоралардан рухсат олиш керак.

Бу афзалликлардан тўлиқ кўламда фойдаланиш учун кўпроқ очиқлик керак ва маданияти, бозордаги вазияти ўхшаш мамлакатлар билан кўпроқ алоқалар зарур. Булар ҳам минтақадаги қўшни мамлакатлар, ҳам Беларусь, Украина, Россия ва Туркия. Бу муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш, ривожланишга халал берувчи омилларни бартараф қилиш учун керак.

Бугун уяли алоқа операторларининг ҳар бири ишончли қамров учун қўшимча яна 2000 тадан база станцияларини ўрнатиши керак. Кўпчилик вилоятларда фақат 2G, яъни фақат овозли телефон ишлайди. 3G тармоғи билан мамлакат ҳудудининг 50 фоизигина қамраб олинган.

Мен ҳозир конвертацияни тилга олиб ўтирмайман, чунки ушбу муаммони ҳал қилишдаги ривожланишни кўряпман.

Аммо масала қуйидагича. Битта база станциясини ўрнатиш учун 9 (!) ой сарфлаш ва 20 та турли идоралардан рухсат олиш керак. Ноўрин равишда мураккаб ва кўпга чўзиладиган жараён. Дунёдаги бошқа жойларда бунга кўпи билан бир ой керак бўлади. Буларнинг барчаси операторларнинг сармоялар киритишига тўсқинлик қилади.

135 000 000 нафар хитойлик сайёҳларнинг 2000 нафари, яъни уларнинг умумий сонидан 0,0015 фоизигина Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистонда тарихий қадамжолар ва ажойиб меъморий ёдгорликлар кўп. Балки бу сизни ҳайратлантирар, аммо уяли алоқанинг яхшиланиши мамлакатга туризмдан миллиардлаб доллар қўшимча даромад олиш имконини бериши мумкин.

Хитой — мамлакатидан ташқарига чиқиладиган туризм бўйича жаҳонда етакчи. 2016 йилда 135 миллион хитойлик дунё бўйлаб саёҳат қилди ва 261 миллиард доллар сарфлади. Бу 135 000 000 нафар хитойлик сайёҳларнинг 2000 нафари, яъни уларнинг умумий сонидан 0,0015 фоизи Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Нима учун? Чунки хитойликлар бу ерда қизиқарли нарсалар кўп эканлигини билмайди. Видеосюжет суратга олиб ёки фотоальбом яратиб, сайёҳлар кўпинча уларни ижтимоий тармоқларга жойлай олмайди. Алоқа етарли даражада эмас.

Хитойликларга, қолаверса, барча сайёҳларга яхши меҳмонхоналар, транспорт ва… туризмни ривожлантиришнинг асосий дастакларидан бири сифатида дадил замонавий мобил алоқа керак.

— Биз сиз билан қизиқ бир хонада мулоқот қиляпмиз. У нима учун мўлжалланган?

— Бу булутли технологиялар инновацион маркази, уни биз роппа-роса бир йил аввал очганмиз. Ҳали ҳеч ким бунақа Customer Experience Center қурмаганди. Бу ерда ҳеч нарса макет эмас, ҳамма нарса ҳақиқий ва ҳамма тизимлар ишлайди. Ҳар бир мижоз — ҳукумат буюртмачилари, уяли алоқа операторлари, корпоратив шериклар — бу ерда ўзига керакли нарсани топади.

Мижоз келганида осон мулоқот қилиш мумкин бўлган муҳитга тушиб қолади: энг замонавий технологиялар, дастурий маҳсулотлар ва ускуналар, кенг полосали интернет алоқаси ва IPTV (Internet Protocol Television, интерактив телевидение)да ишловчи «ақлли уй».

Компаниянинг бундай show-room’лари дунё бўйлаб 150 та бўлиб, улар бош қароргоҳ билан ягона тармоққа боғланган. Биз, масалан, турли мамлакатлардаги уяли алоқа операторлари ҳақидаги: Туркманистонда, Қозоғистонда алоқа қамрови ҳақидаги ахборот билан айирбошлашишимиз мумкин — биз бу ахборотни учинчи мамлакатлар орқали сотиб олганмиз. Мутахассислар у ёки бу муаммо бошқа якуний бозорда қандай ҳал этилганини ўрганиши мумкин.

Бу самарали: фақат томоша қилишнинг ўзи эмас, Customer Experience Center платформаси орқали ўйлаш ҳам.

Фото: «Дарё» / Бахтиёр Насимов

— Huawei’нинг Ўзбекистондаги энг аҳамиятли лойиҳалари қайсилар? Шахсан ўзингиз амалга оширилган лойиҳалардан қайси бири билан фахрланасиз?

— Фикримча, 17 йил давомида Ўзбекистонга катта ҳисса қўшган ҳолда бажарган барча лойиҳаларимиз билан фахрланишимиз мумкин. Мен шу ерда ўтказган бир ярим йил ичида биз Uzinfocom учун UzCloud дата-марказини ишга тушириш бўйича лойиҳани амалга оширдик. Унинг хотираси ҳажми бир петабайтга тенг. Бу бир миллион гигабайтдан ошади. Шунингдек, биз мамлакатдаги уяли операторларга 4G тизимини ишга туширишга ёрдам бердик, у мобил Интернетга ҳатто Wi-Fi’дан ҳам тезроқ ва кенг полосали Интернет алоқасидан ҳам яхшироқ ишлаш имконини беради.

Ақлли хавфсиз шаҳар — ақлли тиббиёт, ақлли таълим, ақлли бошқарув ва ақлли ҳукумат.

«Ақлли шаҳар»

— «Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси»да «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Давлат муассасаларининг рақамли трансформацияси нима дегани?

— Қарорлар ҳеч қачон бир-биридан ажралган ҳолда амалга оширилмайди. Рақамли трансформация бу, биринчи навбатда, «Ақлли шаҳар». Чунки ақлли хавфсиз шаҳар — «ақлли тиббиёт», «ақлли таълим», «ақлли бошқарув» ва «ақлли ҳукумат».

Шаҳарлар улкан: мактаблар, университетлар, касалхоналар, корхоналар — барча ташкилотлар бир-бири билан боғлиқ. Бу ягона платформада амалга оширилади ва ягона инфратузилмага бирлаштирилган. Албатта, тизим жуда мураккаб, уни қадам-бақадам қуриш керак. Чорраҳалардаги видеокамералар — биринчи қадам, холос, фақат бошланиши.

Биз давлат тузилмалари фаолияти самарадорлигини оширишнинг яхлит дизайнини таклиф қилдик. Жараён осон эмас, бу ерда сиёсий ирода ҳам керак.

Энг асосийси — ахборот технологиялари барча департаментларга тўғри ва тез ишлашда ёрдам беради. Одамлар доим адашади, компьютер эса — йўқ. Компьютер одамнинг кўрсатмаларига биноан фикрлайди. Асосийси, ушбу кўрсатмаларни тўғри бера олиш.

Тизим 16 миллион кишилик шаҳарда битта фотосуратга қараб одамни топиш ва у кун давомида қаерда бўлганини қайд этишга қодир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шаҳарлардаги интеллектуал хавфсизлик тизимларини қўллаган ҳолда «Хавфсиз шаҳар» концепцияси элементларини жорий қилишмоқда.

Биз Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан «Хавфсиз шаҳар» вазиятли бошқарув маркази лойиҳасини муҳокама қиляпмиз. Huawei Safe City ечими дунёнинг 30 мамлакатидаги 100 та шаҳарда амалга оширилган. Америкада, Европада, Осиёда ва Африкада бизнинг лойиҳаламиз ишламоқда.
Режамизда — Ўзбекистонда Осиёдаги энг замонавий тизимни ўрнатиш бор.

Жаноб Президент ишни шу йилиёқ бошлаб, икки йилдан сўнг ишга тушириш кераклигини айтди. Шунинг учун ИИВ мутахассислари бунинг устида жиддий ишлаётганини биламан.

Ўзбекистон ИИВ мутахассислари делегацияси апрелда Шэньчжэндаги Huawei кўргазма залига ташриф буюрди. 16 миллион аҳоли яшаб, ўқиб, ишлайдиган Шэньчжэнь шаҳри мисолида тизим амалда қандай ишлаши билан танишди. ИИВ мутахассислари Жамоатчилик хавфсизлиги вазирлигининг шаҳар бўлими ишини ўрганди, мутахассислар билан мулоқот қилди.

Тасаввур қилинг: тизим 16 миллион кишилик шаҳарда битта фотосуратга қараб одамни топиш ва у кун давомида қаерда бўлганини қайд этишга қодир. Машина рақами бўйича эса бир кун ичида шаҳар бўйлаб босиб ўтган йўналишларини аниқлайди.

Тўрт йилдан бери шаҳарда ишлаб келаётган фантастика.

Биз энг замонавий технологиялар воситасида Тошкентни хавфсиз ақлли шаҳар қилишга ёрдам бера оламиз. Тизимлар чиқимдор, аммо улар ўз харажатини қоплайди.

Блиц-саволлар

— Тошкентда қаерда дам олишни ёқтирасиз? Ўзбекистоннинг қаерларида бўлгансиз ва яна қаерларни кўришни истайсиз?

— Оилам билан Чорвоқ сув омборига боришни яхши кўраман. Амир Темур майдонига бориб, у ердан Сайилгоҳ пиёдалар кўчаси бўйлаб сайр қилиш ёқади, тез-тез «Самарқанд Дарвоза»га бориб турамиз. Самарқандда ва Фарғона водийсида бўлганман. Бухоро ва Хивага албатта боришни хоҳлайман.

— Ўзбекистоннинг қандай газета ва журналларини ўқиб турасиз? Қайси янгиликлар сайтларига кирасиз?

— Кўпроқ ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ нашрлар ва сайтларни ўқиб бораман. Бундан ташқари, мен ўз ҳамкасбларим, хитойлик ходимлар билан бирга ҳафтасига икки марта ўзбек тилини ўрганяпман. Балки тез орада сизнинг ўзбек тилидаги сайтингизни ҳам ўқий оларман.

Балки тез орада «Дарё» сайтида ўзбек тилидаги мақолаларни ўқий оларман.

— Сизда битта номоддий мўъжизани амалга ошириш имконияти бўлганида, нима қилардингиз?

— Агар бутун бир йил давомида иш ҳақида, замонавий алоқа воситалари ва бизнес ҳақида унутиш имконим бўлганида, рафиқам ва фарзандларим билан сайёра бўйлаб саёҳатга чиққан бўлардим. Бу саёҳат бутун бир йил давом этишини истардим. Уларга турли мамлакатлар гўзалликларини кўрсатишни ва улар билан боғлиқ воқеаларни гапириб беришни хоҳлардим.

— Қандай таомларни ёқтирасиз?

— Ўзим Хитойнинг шимолиданман ва шу сабабли лағмонни яхши кўраман. Шимолликлар хамирли таомларни афзал кўришади, жанубда эса кўпроқ гуруч ейишади. Ўзбек таомларидан сомса ёқади. Қўқонча, самарқандча ва тошкентча тўй оши ёқади. Шашлик эса дунёнинг ҳамма жойида бор.

— Тасаввур қилинг, сизни ҳозир Ўзбекистоннинг барча аҳолиси ўқимоқда. Уларга нима деган бўлардингиз?

— Мен Ўзбекистонни яхши кўраман. Мамлакат гўзал, тарихи бой. Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик чуқур илдизга эга эканлиги менга ёқади ва мен Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшишни истайман.

— Сизни Ўзбекистонда қандай эслаб қолишларини хоҳлардингиз?

— Агар беш йилдан кейин сиз мени «Ван Пэн — ишончли одам. Айтган ишини қиладиган ҳалол одам» деб ёдга олсангиз, мен ўзимни энг бахтли одам деб ҳисоблайман.

Ван Пэн — Wang Peng

1978 йилда Хитой Халқ Республикасининг Шаньси вилоятида туғилган.

1997—2001 йилларда Харбин технология институтида алоқа муҳандиси бўлиб ишлаган.

Huawei компаниясида 2001 йилдан буён фаолият юритади.

2016 йилда Huawei Tech Investment Tashkent компаниясига бош директор этиб тайинланган.

Рафиқаси билан биргаликда бир қиз (8 ёш) ва бир ўғил (4 ёш) фарзандини тарбияламоқда.

Хитой, инглиз ва рус тилларини билади.

Бахтиёр Насимов,
шарҳловчи

↓ KEYINGI XABAR ↓
Scroll to top