Аҳмадбой Турсунбоев ва унинг шериги экани айтилаётган 6 шахс устидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида бошланган маҳкама жараёнининг 9 август куни бўлган иккинчи мажлисига элликдан ортиқ одамлар киритилмади. Бу ҳақда «1news.uz» хабар бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди вакилларига кўра, судда одамлар тикка туриши мумкин эмас, шунинг учун Аҳмадбой пирамидасидан жабр чеккан ўнлаб одамлар судлов ўтаётган залда бўш жой қолмаганлиги сабабли суд залига киритилмади.
Шуни очиқ тан олиш керакки, айни пайтда Аҳмадбой ишидан бир неча ўн мингдан кўп одамлар жабрланганки, уларнинг барини юртимиздаги бирон бир суд зали сиғдира олмайди, дейилади хабарда.
Суд мажлисида гувоҳлар ва молиявий пирамидадан жабр кўрганларнинг кўрсатмалари тингланди. Аҳмадбой иши бўйича суд жараёнининг навбатдаги мажлиси 14 август куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмадбойга қарши Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбловлар илгари сурилди: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) «а», «б» бандлари, 188-модда (Давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) «а», «в» бандлари.
Изоҳ (0)