2012 йили Аргентинада дунёдаги энг катта динозавр қолдиқлари топилган эди. Олимлар қолдиқларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, тадқиқот натижаларини Proceedings of the Royal Society B журналида эълон қилди, деб хабар беради «Газета.ru».
Мақолада айтилишича, 100 миллион йил аввал яшаган ўтхўр Patagotitan mayorum динозаврининг вазни 70 тонна, узунлиги 37 метр, баландлиги 6 метр бўлган.
Суяк таҳлиллари ўрганилган индивидлар ҳали максимал даражада ўсмаганини кўрсатди. Тадқиқотчилар ушбу динозаврлар ташналикдан ҳалок бўлганини тахмин қилмоқда. Динозаврлар сув ҳавзалари олдида тўпланган, аммо қурғоқчилик йилларида сув бўлмагани боис улар ҳалок бўлган, қолдиқлари эса соҳилда қолган. Ўлаксахўр динозаврлар эса уларнинг қолдиқларини истеъмол қилиш пайтида суякларини босиб, ерга киргизиб юборган, бунинг натижасида суяклар анча яхши сақланган.
Patagotitan mayorum, Аргентинадан топилган бошқа бир қатор турлар сингари, титанозаврлар гуруҳига мансубдир. Юра ва бўр асрида титанозаврлар Ернинг Антарктидадан бошқа барча қитъаталарида яшаган.
Изоҳ (0)