Ўзбекистон президентининг 28 июлдаги қарори билан 1 августдан бошлаб экспорт субъектларининг экспорт товарларидан (иш, хизмат) валюта тушумларининг 25 фоизини мажбурий сотиш талаби бекор қилинади. Бу бир талай валюта курслари режимидан чел эл валюта бозори либерализациясига ўтиш йўлидаги навбатдаги қадамми? «Biznes-Daily.uz» нашри Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Нишонбой Сирожиддиновнинг бу борадаги фикрлари билан бўлишди.
Ўзбекистон валюта режими давлат томонидан чел эл валютасининг қўлланилишига қараб, бир нечта кўрсаткичда белгиланган бир талай валюта курсларини англатмайди. Мамлакатда қўлланиладиган валюта режими бу валюта назоратидир. Унда ҳукумат ўз ихтиёридаги валюта ресурсларини устувор вазифаларидан келиб чиқиб тақсимлайди. Расмий белгиланган алмашув курси бўйича чет эл валютасига талаб таклифдан ошиб кетиши туфайли чет эл валютасининг қиймати юқори бўлган ноқонуний бозор шаклланади.
Экспорт субъектлари учун маҳсулотларни экспорт қилишдан тушган валюта тушумларининг 25 фоизини мажбурий сотиш талабининг бекор қилиниши чет эл валюта бозори либерализацияси йўналишидаги муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу соҳада қабул қилинаётган барча чораларнинг якуний мақсади эса валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий қилиш, миллий валюта барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.
Охирги вақтларда чет эл валюта бозори либерализацияси оқибатлари ижтимоий тармоқлардаги долзарб мавзулардан бирига айланди. Либерализация тарафдори бўлмаганлар у иқтисодиётнинг таркибий қайта қурилишини секинлаштириши ва инфляциянинг ўсиши, мамлакат статистик кўрсаткичларининг ёмонлашувидан хавотир олмоқда.
Ҳақиқатда ҳам мавжуд валюта курси режимининг бош мақсади иқтисодиёт таркибий қайта қурилишини тезлаштиришдан иборат эканлиги ҳақидаги фикрлар кенг тарқалган.
Эҳтимол, ўтган юз йилликнинг 90-йилларида валюта назорати режимининг жорий этилиши инвестиция маҳсулотлари импортининг ўсишига сабаб бўлгандир. Бироқ унинг жорий этилишидан эришилган ютуқлар ва йўқотишларнинг аниқ баҳоси мавжуд эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу қарорнинг ижобий самараси қисқа муддатли бўлган.
Мавжуд валюта режими анчадан буён иқтисодиёт таркибий қайта қурилишини тезлаштириш имконини бермасдан, балки бу йўлдаги бош тўсиқлардан бири бўлиб келмоқда. Таҳлилларнинг гувоҳлик беришича, етарлича узоқ муддатдан буён машиналар ва қурилмалар импортини молиялаштиришнинг асосий манбалари — бу чет эл инвестициялари, халқаро кредитлар бўлиб келмоқда. Бу эса инвестиция маҳсулотлари импорти расмий курс бўйича молиялаштирилмаганлигидан далолат беради.
Энди чет эл валютаси либерализациясининг инфляция суръатларига таъсир кўрсатишига тўхталсак. Албатта, валюта курси ва инфляция суръатлари бир-бири билан боғлиқ тушунчалар. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги пайтда савдо қилинаётган (яъни халқаро савдода иштирок этаётган) маҳсулотларининг нархлари ички бозорда параллель бозор алмашув курсини ҳисобга олган ҳолда белгиланмоқда. Расмий валюта бозоридан чет эл валютасини харид қилиш имконига эга бўлмаган кўплаб хўжалик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини параллель бозордан харид қилган ҳолда импорт билан шуғулланиши юқоридаги ҳолатни тасдиқлайди.
Давлат чет эл валютаси параллель бозорига бевосита таъсир кўрсата олмаганлиги туфайли у юқори ўзгарувчанлик билан характерланади. Бу эса, ўз навбатида, инфляция суръатларининг юқори эканлиги ва макроиқтисодий беқарорликнинг бош сабабларидан бири ҳисобланади.
Иқтисодиётнинг таркибий қайта қурилишини тезлаштириш ёки инфляция суръатларини пасайтириш имконини бермаётган мавжуд валюта назорати режими инвестициявий фаоллик, иқтисодий ўсиш суръатлари ва халқ фаровонлигига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Унинг иқтисодиёт ва жамиятга салбий оқибатлари улкан ва турли-туман. Бу режим экспорт ва мамлакатнинг экспорт салоҳияти тараққиётини тўхтатиб турмоқда. Бундан ташқари, у иқтисодиётдаги вазият — биринчи навбатда, даромадларни тақсимлаш, ресурсларни жойлаштириш ва нархлар шаклланишини издан чиқармоқда.
Масаланинг ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатини ҳам ҳисобга олиш лозим. Миллий валюта ҳар доим исталган мамлакат учун миллий фахр предмети бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ўзбекистон валюта бозори соҳасида юзага келган вазият аҳоли томонидан оғриқли қабул қилинади. Аҳоли даромадни миллий валютада оладиган, чет эл валютаси эса эркин сотувда бўлмаган мамлакат фуқароларига маҳсулотлар ёки хизматларни, бу хоҳ автомобиль, хоҳ самолёт учун чипта бўлсин, чет эл валютасида сотиш ярамайди. Ўз валютамизни ўзимиз тан олмасак, уни ким тан олади?
Юқоридаги ҳолатлар чет эл валюта бозори либерализацияси бу фақат фаровонлик ва у иқтисодиёт учун ҳеч қандай салбий оқибатлар келтириб чиқармаслигини англатадими?
Иқтисодиёт барча органлари бир-бири билан боғлиқ бўлган тирик организм кабидир. Улардан бирини даволаш бошқаларининг фаолияти ва соғлиғига таъсир кўрсатади ва бу ҳар доим ҳам ижобий бўлмайди. Шунинг учун исталган ислоҳот ижобий натижалар билан бирга салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Иқтисодий сиёсатнинг вазифаси — барча мавжуд имкониятлардан энг оптимал чораларни танлаш. Шу сабабдан ҳам белгиланган мақсадларга эришиш учун ўтказиладиган ислоҳот комплекс ислоҳотлар ўтказишни англатади. Чет эл валюта бозори либерализацияси салбий оқибатларини камайтириш учун қуйидаги вазиятларни ҳисобга олиш лозим деб ҳисоблайман.
Биринчидан, валюта бозори либерализациясининг муваффақияти кўп жиҳатдан расмий алмашув курси қадрсизланиши кўламига боғлиқ. Энг мақбул вариант — алмашув курсини талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгилаш. Бундай сценарийда сўмнинг алмашув курси қисқа муддатли ва ўрта муддатли даврда параллель бозор алмашув курсига яқин даражада белгиланиши эҳтимоли юқори.
Иккинчидан, иқтисодий сиёсатнинг кўплаб чоралари мавжуд валюта режимидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётганини унутмаслик лозим. Бу биринчи навбатда импорт режимига тааллуқли.
Шунинг учун ҳам сўм расмий алмашув курсининг пасайтирилиши импорт тарифлари ва акциз солиғининг пасайтирилиши билан бирга кечиши лозим. Бундай ёндашув ресурслардан самарали фойдаланиш ва тақсимлаш, яширин импорт ва коррупцияни камайтириш имконини беради.
Учинчидан, бу жараённинг аниқ бозорларга бевосита ва билвосита таъсирини аниқлаш чел эл валюта бозори либерализациясидан жамоатчилик фойдасини оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Тўртинчидан, асосан ички бозор учун ишловчи корхоналар, шунингдек, ташқи қарзни тўлаш бўйича давлат бюджети ва банк тизимлари имкониятларини баҳолаш зарур.
Бешинчидан, барқарор такрор ишлаб чиқариш жараёнини таъминлаш вақт ўтиши билан ишлаб чиқариш корхоналарининг чет элдан харид қилинадиган (импорт қурилмалар ва технологиялар) активларини қайта баҳолашни кўзда тутади. Албатта, бунда уларнинг қиймати импорт жараёнида сунъий оширилмаганлиги муҳим ҳисобланади.
Олтинчидан, расмий алмашув курсининг пасайиши ишлаб чиқарувчилар учун ўз маҳсулотлари экспортидан даромадлари ошишини англатади, бунинг натижасида экспорт маҳсулотларининг ички қиймати ошиши мумкин. Бошқача айтганда, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларини ишки бозорда сотиш орқали экспортдан кам бўлмаган фойда олишга интилади. Бироқ охирги йилларда экспорт субъектлари томонидан мажбурий сотиш меъёрларининг қисқартирилиши ва экспорт режимининг либерализациясини ҳисобга олиб, ушбу факторнинг экспорт маҳсулотлари ички нархларига таъсири катта бўлмаслигини айтиш мумкин.
Еттинчидан, ўта муҳим масала — чет эл валюта бозори либерализациясидан сўнг миллий валюта ва макроиқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш. Бу масалаларнинг ечими кўп жиҳатдан ўтказилаётган ислоҳотларнинг комплекслиги ва синхронлигига боғлиқ.
Ислоҳотларнинг энг долзарб йўналишлари қуйидагилардир: а) мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва суд тизими ислоҳоти; б) банк тизимлари мустақиллигини таъминлаш, банкларни уларга хос бўлмаган функциялардан озод қилиш ва банк сирларига риоя этиш; c) молиявий ва моддий ресурслар маъмурий тақсимотидан воз кечиш ва уларнинг эркин бозорини яратиш; д) кўп сонли самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқлар миқдорини камайтириш орқали фискал сиёсатни мукамаллаштириш ва бошқалар.
Саккизинчидан, исталган ислоҳот, айниқса, валюта сиёсати ислоҳоти жамиятнинг турли гуруҳлари ўртасида даромадларни қайта тақсимлашга олиб келади. Шубҳасиз, либерализация туфайли йўқотишга дуч келадиган кишилар гуруҳи топилади ва улар ҳар қандай йўл билан иқтисодиёт либерализациясига йўл қўймасликка ҳаракат қилади.
Изоҳ (0)