АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция вакили Райан Диллон ИШИД террорчи гуруҳининг Суриядаги етакчиларидан бири Лавдрим Муҳожирий ўлдирилганини билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Лавдрим Муҳожирий тан олинмаган Косово республикаси фуқароси, этник албан эди. У ИШИДнинг косоволик албанлардан тузилган гуруҳига раҳбарлик қилар эди.
Диллон уни «албанлардан чиққан энг машҳур ва радикал жангари» деб атади.
Таъкидланишича, Лавдрим Муҳожирий Европада жиҳод идеологиясининг тарқалишига бевосита айбдордир.
Бундан ташқари, у террорчилик ҳужумларини режалаштириш билан шуғулланиб келган. Жумладан, 2016 йили Исроил ва Албания футбол терма жамоалари ўртасидаги ўйин чоғида у муваффақиятсиз теракт уринишини амалга оширган эди.
7 июнь куни Сурияда яна бир албан жангариси, Муҳожирийнинг яқин сафдоши Ирфон Ҳафиқий ўлдирилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)