Шимолий Ирландияда истиқомат қиладиган, умумий ёши 1073 йилни ташкил қиладиган 13 ака-ука ва опа-сингил Daily Mail нашрига узоқ умр кўриш сирлари ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Донелли оиласи Гиннесс рекордлар китобига шу йили киритилди. Оиладаги энг катта аканинг ёши 93 да, энг кичкинаси эса 72 да.Уларнинг сўзларига қараганда, оталаридан уйқудан олдин иссиқроқ бирор нарса ейиш одати ўтган.
«Кечки соат ўнларда сули ёрмаси, сўнг эрталаб соат еттида нонуштага ҳам шу. Сули, сут ва озгина олма қиёми», — ҳикоя қилади ака-укаларнинг каттаси Жо.
Нашрнинг таъкидлашича, сули босимни пасайтиради, холестерин даражасини туширади, юракни ҳимоя қилади ҳамда шакарли диабетга қарши яхши профилактика ҳисобланади.
Бундан ташқари, ака-ука Донеллилар умр бўйи фақат табиий маҳсулотлар — ўз томорқаларида ўсган мева-сабзавот, шунингдек, уй тухуми билан озиқланганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, улар нонни ҳам ўзлари ёпган, алкоголли ичимликларни эса жуда кам ичган.
Изоҳ (0)