Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Қувасой шаҳрида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги «Дарё»га маълум қилди.
Хабар беришларича, вилоятдаги Қувасой шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан 30 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳар бири янги велосипед билан таъминланди.
«Мақсад — маҳалла раисининг ишини енгиллатиш, ҳудуд бўйлаб юришига кўмаклашиш. Ортиқча харажат талаб қилмайдиган ушбу транспорт туридан фойдаланган ҳолда ишлаш ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раисининг вақтини тежайди, иш унумдорлигини ошишига кўмаклашиши табиий», — дейилади ҳокимлик ахборотида.
Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 30 та маҳалла фуқаролар йиғинларида маҳалла раисининг ёшлар билан ишловчи ва кексалар ва фахрийлар бўйича жамоатчилик асосидаги ўринбосарлари жорий этилди.
Хусусан, Ҳувайдо номли маҳалла фуқаролар йиғинида сайлов йўли билан сайланган маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича ўринбосари ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари ташаббуси ҳамда бир гуруҳ маҳалла фаолларини уюштириши орқали 2 нафар кам таъминланган оила фарзандларига хатна тўйлари ташкил этилди.
Изоҳ (0)