Андижон шаҳар Тўклик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро 1997 йилда туғилган Л.А. бир ҳафта ичида икки марта жомеъ масжиди олдида қолдирилган машиналарнинг эшигини очиб, ўғрилик содир этгани аниқланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ маълум қилди.
Фуқаро Л.А. 2017 йил 4 июлда Андижон шаҳар Ўзбекистон кўчасида жойлашган «Имом Аъзам» жомеъ масжиди олдида қаровсиз қолдирилган Хўжаобод туманида яшовчи З.Х.нинг Damas автомашинаси эшигини сих ёрдамида очиб, автомашина салонидан 300 000 сўм пуллари ва Samsung русумли телефон аппаратини ўғирлаб кетган.
Шундан сўнг жорий йилнинг 7 июлида шу масжид олдида қаровсиз қолдирилган Хўжаобод туманида яшовчи А.С.га тегишли Nexia автомашинасининг эшигини ҳам сих ёрдамида очиб, автомашина салонида бўлган 1 000 000 сўм пуллари ва Samsung русумли телефон аппаратини қўлга киритган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Л.А.дан ашёвий далил сифатида телефон аппаратлари олинган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)