Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда сомон пояларини ёқиб юбориш ҳолатларининг олдини олиш бўйича Тошкент вилоятининг бир қатор туманларида рейд ташкил қилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Рейд давомида Тошкент вилоятида мавсум бошидан 167 та фермер хўжалигининг 826 гектар ер майдони ёқиб юборилганлиги аниқланди. 167 нафар мансабдор шахс ва фуқарога нисбатан жами 152,7 миллион сўм миқдоридаги маъмурий жарималар қўлланилди. 22 миллион сўмдан ортиқ жаримлар ундирилиб, қолган сумма бўйича суд органларига тегишли ҳужжатлар тайёрланди.
Сомон поялари ёқилиши бўйича Бекобод туманида 49 та, Ўрта Чирчиқ туманида 24 та, Юқори Чирчиқ туманида 20 та, Қуйи Чирчиқ туманида 20 та, Чиноз туманида 15 та ҳолат кузатилди. Бундай ҳолатлар вилоятнинг Бўка, Янгийўл, Пскент, Оққўрғон, Зангиота, Оҳангарон туманларида ҳам содир бўлган.
Қўмита мутахассисларига кўра, 1 гектар майдонда бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 грамм ис гази ва углерод оксиди каби газлар ташланади. Бунда атроф-муҳитга жиддий зарар етади, тупроқ таркиби бузилиб, эрозияси кучаяди.
Изоҳ (0)