Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси Украина делегацияси томонидан таклиф этилган «Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг тикланиши» номли резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Россия бу резолюцияга қатъиян қарши чиқди, лекин, шунга қарамай, ҳужжат қабул қилинди.
Шунда Росия Давлат Думаси вице-спикери, Россия делегацияси раҳбари Пётр Толстой бутун Минск декларациясининг қабул қилинишига қарши чиқишни таклиф қилди. Лекин унинг таклифи рад этилди.
Резолюцияда Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари, мустақиллиги ва суверенитети тўлиқ тан олиниши ҳақида гапирилади. Ушбу чегаралар таркибига Қрим Мухтор Республикаси ва Севастополь шаҳри ҳам кириши айтиб ўтилади.
Шунингдек, ЕХҲТ ҳужжатда Қрим ва Севастополь Россия томонидан оккупация қилинганини, шунингдек, Россия Донбассда Украинага қарши гибрид тажовузни давом эттираётганини қоралаб чиқди.
Ниҳоят, ЕХҲТ Россияни Украинада жангарилар юбориш, маблағ билан таъминлаш, қурол етказиш йўллари билан террорчиликни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди.
Изоҳ (0)