Боливиянинг Потоси департаментида оломон устига юк машинасининг бостириб келиши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди, деб хабар берди «ТАСС».
Республика полициясининг раҳбари Абел де ла Барранинг журналистларга маълум қилишича, воқеадан ғазабга минган одамлар транспорт ҳайдовчисини уриб ўлдириб қўйган.
«Гувоҳларнинг сўзларига кўра, чоршанба куни кечқурун Пампа-Колорадада байрам бўлган, ушбу байрам баъзи аҳоли пунктларида кўчада нишонланади, шу сабабли одамлар байрамни кўчанинг ўртасида нишонлаётган бўлган», — деди полиция раҳбари. Де ла Барранинг таъкидлашича, ушбу вазиятда йўлда юк машинаси пайдо бўлган ва ҳайдовчи тормозни босишга улгурмагани сабаб одамларни босиб кетган.
Ҳайдовчи воқеа жойидан яширинишга уринган, бироқ одамлар унга етиб олган. Полиция воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда.