«Xushnudbek.uz» сайти тиббиёт олийгоҳларига кириш бўйича белгиланган ўзгаришлар қабул жараёнида қандай акс этаётганини таҳлилдан ўтказди.
Ўзбекистонда тиббиёт олийгоҳлари биринчи бор янги тартибда абитуриентлардан ҳужжат қабул қилмоқда. Қабул комиссияси ҳужжат топшириш чоғида абитуриентлардан аризасида мақсадли қабул бўйича топширмоқчими ёки контракт асосидами, шунга аниқлик киритишни сўрамоқда.
Давлат тест маркази сайтида мақсадли қабул жойларига топширилган ҳужжатлар алоҳида, ҳудудлар кесимида кўрсатиб борилмоқда.
Ўз-ўзидан, биринчи марта бўлаётган тартиб бўйича аҳолида кўплаб саволлар, тушунмовчиликлар пайдо бўляпти.
Мақсадли қабулга ҳудуд бўйича доимий прописка асосида қабул қилинадими?
Низомнинг 10-бандига асосан, мақсадли қабулда қатнашмоқчи бўлган абитуриентлар тегишли ҳудудда яшаётган бўлиши лозим. Агар доимий пропискаси ўша ҳудудда бўлсаю, лекин мақсадли қабулга тушмайдиган ҳудудда яшаётган бўлса, унда ўша абитуриент мақсадли қабулда қатнаша олмайди.
Мақсадли қабулга ўша ҳудуддаги лицей ёки коллежни тугатган бўлиши шартми?
Энг кўп берилаётган савол айнан мана шу бўлмоқда. Сабаби кўплаб вилоятлик ёшлар ўрта махсус таълимни Тошкент шаҳрида олган. Айниқса тиббиёт йўналишида. Аммо Тошкент шаҳри учун мақсадли қабул ажратилмаган. Яъни Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежлари ва академик лицейларни тугатган абитуриентлар, гарчи асли доимий яшаш манзили вилоятларда бўлса ҳам, давлат гранти асосида қабул қилинмайди, улар учун фақат тўлов-контракт асосида ўқиш имкони мавжуд.
Низомнинг 10-бандига мувофиқ тегишли ҳудудларга ажратилган мақсадли қабул квоталарига фақат тегишли ҳудудда яшаётган ва ҳудуднинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан берилган дипломга эга бўлган абитуриентлар ҳужжат топшира олади.
Демак, хулоса шундайки, сурхондарёлик ўсмир Тошкент шаҳри ёки бошқа ҳудудда ўқиган бўлса, Сурхондарё вилояти учун ажратилган жойга ҳужжат топшира олмайди.
Агар мақсадли қабулга топширган абитуриентнинг тўплаган балли давлат грантига етмасаю, лекин контрактга кириш учун йетса, унда контракт асосида қабул қилинадими?
Ҳа, қабул қилинади. Низомнинг 3-бандига асосан, мақсадли қабул танловида қатнашиб давлат гранти асосида қабул қилинмаган абитуриентлар мазкур таълим йўналишида тўплаган тест баллари билан умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади.
Изоҳ (0)