Австралия ҳукумати Филиппин жанубига диний радикалларга қарши курашда ёрдам бериш учун иккита AP-3C Orion разведкачи самолётини юборади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Австралия мудофаа вазири Мариз Пейннинг баёнотига кўра, Филиппин ҳукумати икки самолёт тақдим этиш борасидаги таклифга рози бўлган. Яқин кунлар ичида учувчи воситалар жанговар тўқнашувлар давом этаётган зонага етиб боради.
Ўз навбатида, Филиппин мудофаа вазири Делфин Лорензана президент Родриго Дутерте техник ёрдамни қабул қилишга рози бўлганини, аммо разведкачилар иштирокидаги қўшма операция фақат деталлар аниқлаштириб олинганидан сўнг бошланишини маълум қилди.
Филиппиннинг Минданао провинциясида бир неча ҳафталардан буён ИШИД билан боғлиқ радикал гуруҳларига қарши операция давом этмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)