UzCard компаниясининг расмий сайтида халқаро тўлов тизимлари билан интеграцияга киришадиган янги универсал тўлов тизими — GlobUzCard билан боғлиқ баёнот эълон қилинди. Унда GlobUzCard тизими UzCard ресурсларидан фойдаланган ҳолда ўз ишини бошлашга уринаётгани таъкидланди.
Қуйида баёнот матнини келтирамиз.
2014 йил февралдан буён мунтазам равишда матбуотда Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимлари билан интеграцияга киришадиган ва мавжуд UzCard тўлов тизими билан рақобатга киришадиган янги, универсал тўлов тизими — GlobUzCard яратилиши ҳақида маълумотлар кўзга ташланиб келади.
«GlobUz.uz» сайтидаги маълумотга кўра, тизим «Банк пластик карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш ва уйғунлаштириш, халқаро пластик карталар стандартлари, қоидалари ва тартиботлари асосида илғор ютуқларни жорий қилиш, ягона ва унификацияланган инфратузилмани шакллантириш, банк пластик карталарининг фиунксионал имкониятларини кенгайтириш, илғор технологик ечимларни жорий қилиш ва чакана тўловлар жараёнини арзонлаштириш мақсадида» яратилмоқда.
Бироқ «халқаро пластик карталар стандартлари, қоидалари ва тартиботлари асосида илғор ютуқларни жорий қилиш» ўрнига янги турдаги карталарни қабул қилиш учун UzCard тармоғидан фойдаланиш масаласи бот-бот кўтарилмоқда. Шу тариқа, GlobUzCard тизими потенциал рақобатчиси — UzCard тизими ресурсларидан фойдаланган ҳолда ўз ишини бошламоқчи бўляпти.
Жумладан, GlobUzCard томонидан 2017 йил 14 июнда юборилган хатда UzCard тизимининг конфиденциал мазмунга эга бўлган техник маълумотларини уларга тақдим қилиниши масаласи ҳақида сўз юритилган. Маълум қилинишича, бу икки тизимнинг ўзаро биргаликда фаолият олиб боришини таъминлаш учун «юклатилган вазифанинг эҳтимолий ечимлари вариантларини янада мукаммал ишлаб чиқиш ва баҳо бериш»га мўлжалланган.
UzCard тизимидан GlobUzCard тизимига техник маълумотларни тақдим қилиниши мумкин эмаслигини англаш қийин эмас, чунки:
сўралаётган техник маълумотлар конфиденциал мазмунга эга бўлиб, уларни учинчи томонга тақдим қилиниши ахборот хавфсизлиги стандартларига зид ҳисобланади ва бутунлай UzCard тўлов тизимини хатарга қўяди;
бундай техник маълумотни тақдим этиш учун дастлабки ҳуқуқий ва тижорат мазмунидаги асослов талаб қилинади.
Изоҳ (0)