Тошкентдаги «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида темир йўл контейнерларидан бири ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати катта инспектори Ҳусен Тангриев маълум қилди.
Контейнердаги 20 тоннадан ортиқ юклар Латвиядан Тошкентда фаолият юритувчи Modern sweet маъсулияти чекланган жамиятлар номига юборилган бўлиб, улар орасидаги салкам 5 тонна-ю 800 кг шоколад ва сақичларнинг истеъмол муддати деярли 3 йил аввал ўтиб бўлган экан.
Устига-устак, АҚШнинг Wrigley компанияси маҳсулоти ҳисобланмиш Truth or dare (FIVE) яъни «Ҳақиқат ёки журъат» деб баландпарвоз ном билан аталган сақичлар қадоғидаги ёзувдар ҳам ёшларнинг онгини заҳарлашга ундовчи ғоялар билан йўғрилгани маълум бўлди.
Ёрлиқлардаги чақириқларга аҳамият беринг:
«Бўса олинг!»,«Шаҳвоний овозда гаплашинг!»,«Бўсангиз суратини ижтимоий тармоқа жойлаштиринг!»,«Хонадаги энг чиройли одамдан бўса сўранг»,«Қўлсиз ечининг!»«Ёшликдаги энг аҳмоқона ишингизни такрорланг!»«Дўстингизнинг белидан бармоқларингиз учи билан силанг!»«Кимнингдир орқасидан музқаймоқ отинг!»
Бу каби даъватларнинг, топшириқларнинг сони эса 745 мингдан ошади!
Хўш, бу даъватлардан нима кутиш мумкин? Ёшларни ошкора одобсизлик ва чиркин одатларга етаклаётган чорловлар замирида аслида «Кўк кит», Pokemon Go, «Тинч уй» каби ўзини ўзи ўлдиришга мажбурловчи хавфли ўйинлар тарғиботи мужассам эмасми? Бундай сақични чайнаб кўрган ўспирин ундаги топшириқларни бажариб кўриши табиий! Чунки, одатда ўсмирлар атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади, дейилади хабарда.
Бир қарашда бу харидорни товарга нисбатан жалб қилиш усулидек туюлиши мумкин. Аслида эса, бу каби сақичлар воситасида вайронкор ғояларни Интернет ҳали тўлиқ кириб бормаган, унчалик оммалашмаган чекка-чекка ҳудудларгача ёйишдек жирканч мақсад кўзлангани аниқ, дея таъкидланади хабарда.
3 июнь куни Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида салкам 560 кг сақичлар ёқиш йўли билан йўқ қилиб ташланди. Шу тариқа, вайронкор ғояларнинг 745 минг дона тарғибот воситаси йўқ қилинди.
Изоҳ (0)