Совуқ ва ўқотар қуроллар билан қуролланган уч нафар фаластинлик Қуддуснинг Эски шаҳрида Исроил чегара полиция патрулига ҳужум қилган ва ҳарбий хизматчилардан бирини оғир жароҳатлаган. Ҳужум уюштирганлар воқеа жойида отиб ташланган. Бу ҳақда Исроил полицияси матбуот хизматига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
«Эски шаҳардаги Дамашқ дарвозасига уюштирилган ҳужум оқибатида чегара полиция хизматининг ходимига пичоқ билан жароҳат етказилган, ҳозирда унинг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда», — деб қўшимча қилди матбуот хизмати.
Полиция ҳужум уюштирганларнинг бирида бўлган «Карл Густав» тизимидаги пистолет-пулемёт суратини эълон қилди. Ушбу ўқотар қурол Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги ерости устахоналарида тайёрланган. Исроил ОАВларининг маълумотларига кўра, пистолет-пулемёт ҳужум вақтида панд берган.
Фаластин-Исроил зонасидаги зиддиятли зўравонликларнинг ушбу тўлқини 2015 йилнинг сентябрида бошланган эди. Шу вақтга қадар совуқ ва ўқотар қуроллар, шунингдек, портловчи моддалар ва автомобиллардан фойдаланилиб бир неча юз ҳужум амалга оширилиши оқибатида 42 нафар исроиллик ва уч нафар хорижлик фуқаро ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Изоҳ (0)