Май ойининг охирида Москва шаҳрида рўй берган кучли довул оқибатида жабрланганларнинг яна бири шифохонада оламдан ўтди. Бу ҳақда Москва соғлиқни сақлаш департаментига таяниб, «ТАСС» хабар берди. Шундай қилиб, Москва шаҳри ва вилоятида содир бўлган табиий офат сабаб ҳалок бўлганлар сони 17 кишига етди.
«Довул сабаб жароҳат олган шахс Москва шаҳридаги шифохонада вафот этди», — деб хабар берди матбуот хизмати ходими.
Унинг сўзларига кўра, айни вақтда шифохонада яна саккиз киши қолмоқда, улардан бирининг аҳволи оғир.
29 май куни Москвада 28 метр/сония тезликкача кўтарилган кучли довул содир бўлиши оқибатида ўнлаб одамлар жароҳат олганди.
Довул Москва шаҳрида 27 мингта дарахтни қўпориб ташлаган, шунингдек, 243 томга, 135 та кўчани ёритиш таянчларига, 1,9 мингдан ортиқ автомобилларга зарар етказган эди.
Изоҳ (0)