Жорий йил 6 июнь куни Чуст шаҳридаги «Деҳқон бозори» ҳудудидан Тожибой Турдиевга тегишли Nexia 2 автомобили олиб қочилди. Номаълум шахс машина калити унинг юкхонаси қулфида қолдирилганидан фойдаланганди. Бу ҳақда «Дарё»га Наманган вилояти ИИБ ЙХХБ матбуот гуруҳи маълум қилди.
Паришонхотир отахон машинасидан қуруқ қолганини орадан 1,5 соат ўтиб, бозордан чиққанидан сўнг пайқади. Ушбу хабар туман ички ишлар бўлимига келиб тушган заҳоти автомобилни қидириб топиш, жиноятни қизиғида очиш бўйича тезкор-қидирув ишлари олиб борилди.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида автомашина Чуст шаҳридаги «Зарафшон» маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб кетаётганлиги аниқланди ва уни олиб қочган шахс қўлга олинди. Фарғона вилоятининг Қувасой туманида яшовчи Ҳотам Мамажонов (исм-шариф шартли) автомобилни маст ҳолатда бошқариб, Isuzu русумли юк машинасининг орқа қисмига уришга ҳам улгурганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ҳотам Мамажоновга нисбатан ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди.
Изоҳ (0)