Ёзнинг иссиқ кунларида бизнинг теримиз ҳар қачонгидан ҳам каттароқ эътибор талаб қилади. Чанг, иссиқ ва қуруқ шамол каби омиллар ҳатто нормал юз териларига ҳам салбий таъсир қилади. Шунинг учун ёз фаслида юз териси таранг, намланган ва юмшоқ бўлиб туриши учун уни қандай қилиб тўғри парвариш қилишни ўйлаб кўриш керак.
Биз сиз учун юз терисини ёзда қандай парвариш қилиш кераклиги ҳақида бир неча маслаҳатлар тўпладик.
Юзингиз териси турига қараб махсус кремлар танланг
Таркибида кўп миқдорда глицерин ва гиалурон кислоталари бўлган намловчи кремлар танлаганингиз маъқул. Юз терисини кечқурун парвариш қилишни ҳам унутманг. Бундай ҳолатлар учун кеча давомида юз терисини тиклашга, силлиқ ва тоза кўриниш беришга ёрдам берувчи озиқлантирувчи зардоблар мос келади.
Намловчи тоникдан фойдаланинг
Юзингиз териси сувсизланган ва қуруқ бўлиб қолса, фақат намловчи крем ёрдам бера олмайди. Крем билан биргаликда таркибида SPF-омилли ва енгил тузилишга эга бўлган намловчи лосьондан фойдаланишни тавсия қиламиз. Бундай лосьон терининг намлик даражасини оширади, уни юмшоқ ва чиройли қилади. Таркибидаги қуёшдан ҳимоя қилувчи омиллар эса уни қуёш нурларидан сақлайди.
Юз терисини кун давомида намлаб туринг
Юз териси сувсизланиб қолмаслиги учун кун давомида намлаб туришда термал сувдан фойдаланиш жуда муҳим. Унинг таркибидаги минераллар терини кислород билан таъминлайди ва унинг алмашиш жараёнларини яхшилайди.
Бир ҳафтада 2-3 марта намлантирувчи ниқоблардан фойдаланинг
Терини тезроқ намлантириш учун унга намлик сингдиришдан ташқари энергия ҳам берувчи матоли озиқлантирувчи ниқоблардан фойдаланинг.
Организмдаги сув балансини сақланг
Юз терисини нафақат ташқаридан, балки ички томондан ҳам намлаш керак. Мутахассислар бир кунда икки литргача тоза сув ичишни тавсия қиладилар. Сувни овқатланиш маҳалида ёки ундан кейин ҳам эмас, балки овқатланиш оралиқларида ичиш жуда муҳим. Шунингдек, мутахассислар овқатланишдан ярим соат олдин бир пиёла сув ичишни маслаҳат беришади.
Манба: «Lady.tochka.net»