«Суғдиёна» газетаси «Ялла» ансамблининг бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан интервью ўтказди, деб хабар берди «Darakchi.uz».
Раҳматли онангиз қандай табиатли аёл эдилар?
— Эсласам, отам иккаласи икки хил дунё бўлган эканлар. Бирлаштириб турувчи нуқталар бор эди, албатта — санъат, санъатга бўлган муҳаббат, уни чуқур англашлари, болалар. Аммо отам оғир табиатли, камгапроқ инсон эди. Онам эса довюрак, сўзамол аёл бўлганлар. Маҳаллада уришган эр-хотинларни ҳам эринмай уйларига бориб, яраштириб келардилар. Кўчада икки маҳалладош маст кишининг ёқалашаётганини кўрсалар ҳам, жим ўтиб кетолмасди. Онамдан ҳайиқишарди, битта сўзларини эшитишлари билан «Хўп, Шойиста опа, хўп», дея қўлларини кўксига қўйиб уй-уйларига тарқалишарди. Дугоналари, раҳматли Иқбол хола «Трамвайда бирор ким нотўғри қараш қилса, Шойиста кавушини тўғирлаб қўйишга дарров киришарди. Ўзи қилтириққинаю, гапиришга чўчимасди. Бу бошлаган муҳокамани мен давом эттиришимга тўғри келарди», дея кулиб эслардилар. Онам нозиккина, Иқбол хола эса саватли аёл бўлган-да.
Сиз учун энг юксак баҳо?
— Болалагимда ҳам, ҳозир ҳам, хоҳ атрофдагилар билан муносабатда бўладими, хоҳ профессионал ижодда «Карим Зокирийнинг ўғли! Баракалла, ота ўғил» деган таъриф мен учун юксак баҳо. Ботир акам — ижодий виждоним. Доим қўшиқ ёзаётганда Ботир Зокиров қандай фикр билдирардилар, деган хаёл келади.
Санъаткор бўламан деб ўйламасдим, чин сўзим. Йигитлик йилларим мусиқа басталашга мойиллигим бор эди. «Шундай қўшиқ ёзсамки, Ботир Зокиров рэпертуарига киритса», деб орзу қилардим. Акам эса эшитиб кўрарди-да, «Йўқ, ҳали бор, ҳали пишмаган», дерди. Шукр, бу бахтга мушарраф бўлдим. 1974 йил «Мажнунтол» қўшиғини ёзган бўлсам, бир йиллардан кейин «Шу қўшиқ жуда чиройли чиқибди, майлими, мен куйласам», дея сўраганлар. Ўшанда юрагим ёрилиб кетай деган. Ҳозир ҳам кучли ҳаяжон билан эслаяпман. Маданиятни қаранг, майлими, деб сўраганлар.
Изоҳ (0)