Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида давом этаётган «Ислом бирдамлик ўйинлари»да Ўзбекистон бокс термасининг беш аъзоси ярим финалга чиққани ҳақида хабар берилганди.
«Sports.uz» нашрининг маълум қилишича, энг енгил – 49 килограммгача вазнда Мироншоҳ Иброҳимов ярим финалда суриялик Хуссин ал-Масрий билан рақобатлашиб, 1:4 ҳисобида имокният бой берди. Ўзбекистонлик боксчи мамлакат делегацияси ҳисобида бронза медали олиб келди.
Uzbek Tigers жамоасининг аъзоси, -52 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Аброржон Қодиров ярим финалда марокашлик Абдулали Дараага 1:4 ҳисобида енгилди ва бронза медали билан чекланди.
-56 килограмм вазн тоифасидаги жангларда иштирок этаётган Абдулҳай Шораҳматов ярим финалда Тайфур Алиевни ишончли тарзда (5:0) мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини нақд қилди. Олтин медаль учун баҳсда ўзбекистонлик боксчи туркманистонлик Ёқуб Мередов билан кураш олиб боради.
-64 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Алиёр Норалиев ярим финал учрашувида қозоғистонлик Куан Куатов билан рақобатлашиб, жангни 5:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Алиёр Норалиев финалда мисрлик Ислом Муҳаммадга қарши жанг қилади.
-69 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этаётган Бобо Усмон Ботуров ярим финалда суриялик Аҳмад Госсонни 5:0 ҳисобида таслим қилиб, финалга йўлланма олди. Олтин медаль учун баҳсда у мезбонлар вакили Тамерлан Абдуллаев билан жанг қилади.
Мусобақанинг финал жанглари бугун, Тошкент вақти билан 17:00 дан бошланади.
Изоҳ (0)