БААда шифокорлар акула ҳужумига учраган маҳаллий балиқчининг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда UAEInside хабар бермоқда.
Ҳодиса 12 май, жума куни Хор-Факкан шаҳри яқинида юз берди. 41 ёшли Али Муҳаммад Ҳамад ал-Белоуший дўсти Умар билан уйга қайтишга ҳозирлик кўраётганида қайиқдан уч метр масофада унга улкан акула ҳужум қилди.
Йиртқич Алининг ўнг оёғини тишлаб олди ва уни ўзи билан олиб кетишга уринди. Яраланган Алига унинг дўсти ёрдамга келди ва наҳангга қарши балиқ овлаш қуролини ишлатди.
Эркаклар йиртқични қайиққа боғлаб, уни қирғоққа олиб чиқишга эришди.
Али зудлик билан Хор-Факкан шифохонасига етказилди. Ҳозирги пайтда унинг ҳаёти хавф остда эмас.