Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди.
Мулоқотда Ўзбекистонда Хитойнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилгани, нефть-газ ва телекоммуникация тармоқлари, транспорт, тўқимачилик, сайёҳлик, қурилиш, кимё саноатида ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўраётганимдан хурсандман. Биз хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритгани барчамизни хурсанд қилади.2013 йилда ташкил этилган Ўзбекистон—Хитой юқори технологиялар саноат парки — «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ўзаро ҳамкорликнинг юксак намунаси эканлиги таъкидланди. Бу ерда мобил телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди.
Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорлик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон—Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзень Чжу, COFCO корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлянь, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуан, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сунь Пин, «Поли интернэшнл» компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзэчун ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)