Наманган шаҳридаги 15-мактабда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан «Касб танлови — бахт танлови» мавзусида минтақавий семинар ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Namnews.uz».
Семинарда мезбонлардан ташқари Фарғона, Андижон вилоятларидан келган мутахассислар, тахшис маркази раҳбарлари, умумтаълим мактаблари психологлари иштирок этди. Унда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, миллий ҳунармандчиликка жалб этиш, қизиқишлари ва иқтидорлари асосида таълимнинг кейинги босқичига тортиш масалалари муҳокама этилди.
Вилоятда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича «Маҳорат мактаби» этиб белгиланган таълим даргоҳига 2016 йили 12 та тикув машинаси, пазандалик учун зарур жиҳозлар ўрнатилди. Дурадгорлик, темирчилик, чилангарлик касбларини мукаммал ўрганиш имконини берадиган меҳнат таълими устахоналари жиҳозланди. Қизлар учун эса «Зардўзлик», «Моҳир қўллар», чеварчилик тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.
150 нафардан зиёд ўқувчи ана шу имкониятлардан фойдаланиб, 10 га яқин касб-ҳунар сирларини мактабнинг ўзида ўрганяпти. 60 нафардан ортиқ ўқувчи мактаб жойлашган ҳудуддаги миллий ҳунармандчилик ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларида меҳнат қилаётган усталардан сартарошлик, косиблик, тунукасозлик, ёғочдан буюмлар ясаш сир-асрорларини ўзлаштирмоқда.
Семинар доирасида 15-мактаб психологи Зарифа Назарова ҳамкасблар учун тренинг машғулоти ўтиб берди. Тадбир қатнашчилари мактаб ўқувчилари иштирокида ташкил этилган «Ош танлови» ва «Сартарошлар» баҳсини томоша қилди.
Изоҳ (0)