Давлат солиқ хизмати органларида ўрнатилган «Ишонч телефонлари» орқали ўтган ҳафта давомида (26 апрелдан 2 майга қадар) жами 228 та, шундан 17 та юридик ва 211 та жисмоний шахснинг мурожаатлари қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати бошлиғи Музаффар Юсуф Назаров маълум қилди.
Ушбу мурожаатларнинг аксариятида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги ҳамда тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб «Терминал» аппаратлари ишлатилмаётганлиги, харид чеки бермаслик ҳолатлари қайд этилган.
Жумладан, Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасининг «Ишонч телефонлари»га вилоят ҳудудидаги айрим автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ)ларида ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг сунъий равишда етишмовчилигини юзага келтириш, ёқилғиларни ноқонуний равишда ва ностандарт идишларда сотиш, назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик, тўлов терминали орқали ҳисоб-китоб қилинганда устама нарх қўйиб сотиш ҳамда шохобчада бензин маҳсулоти бўлса-да, сотишдан бош тортиш ёки рад қилиш ҳолатлари ҳақида мурожаат келиб тушган.
Ушбу мурожаат асосида вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан Бухоро тумани Шергирон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Қутисос» масъулияти чекланган жамиятига қарашли АЁҚШда ўтказилган текширишда ҳақиқатан ҳам АЁҚШ оператори А.Муқумов томонидан харидорга 8,6 литр бензин маҳсулотининг ҳар литрини 3300 сўмдан 28 минг сўмга, яъни ҳар бир литр бензин нархига 500 сўмдан устама нарх қўйиб сотилаётганлиги аниқланди. Бундан ташқари, у харидорга шохобчада ўрнатилган назорат-касса машинасининг харид чекини ҳам бермаган.
Шохобчада ўрнатилган назорат-касса машинасининг кунлик ҳисоботи билан шохобча кассасидаги тушум солиштирилганда жами 3 миллион 165 минг сўм кунлик нақд савдо пуллари назорат-касса машинаси хотирасига киритилмаганлиги аниқланган.
Назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ва тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича бир ҳафта давомида (26 апрелдан 2 майга қадар) 180 дан ортиқ текшириш ўтказилиб, уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган. Хусусан, текширишларда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган.
Ўз навбатида, давлат солиқ хизмати органлари томонидан қоидабузарликларни содир этган хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.
Солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида солиқ қонунчилигини бузган 3 925 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шу жумладан:
- бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 90 нафар;
- уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 347 нафар;
- даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 533 нафар;
- ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 136 нафар;
- автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 505 нафар фуқаролар;
- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 935 нафар;
- солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 779 нафар;
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 196 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.
Изоҳ (0)