Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан бир гуруҳи Жиззах вилояти Пахтакор туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўрганиш якунлари Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, маҳаллий ҳокимият бошқаруви органлари, фаоллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида ўтказилган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди.
Депутатлар 10 кун давомида тумандаги 314 хонадонда бўлиб, 1508 фуқаро билан бевосита мулоқот қилди. Аҳоли билан бўлган учрашувлар давомида турли соҳа бўйича 162 масала кўтарилиб, уларнинг 48 таси жойида ҳал этилди. 78 масала ижроси бўйича маҳаллий идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатма берилди. Беш масалани республика идоралари билан муҳокама қилиш режалаштирилди.
Сессияда аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, ободонлаштириш, уй-жой ва коммунал хизмати кўрсатиш соҳасидаги аҳвол кескин танқид қилинди. Бу соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар, муаммолар таҳлил этилиб, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва бартараф қилиш йўллари ҳақида аниқ таклифлар билдирилди.
Изоҳ (0)