Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Инни Корея Республикаси Президенти лавозимига сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
«25 йиллик дипломатик муносабатлар давомида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида чинакам дўстона алоқалар, мустаҳкам стратегик ҳамкорлик муносабатлари, икки томон кун тартибининг барча масалалари юзасидан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида конструктив мулоқот ўрнатилди», — деб эътироф этилган мактубда.
Қайд этилганидек, томонлар етакчи Жанубий Корея компаниялари иштирокидаги автомобилсозлик, машинасозлик, электроэнергетика, нефть-газ, электротехника, тўқимачилик саноатларида, ахборот технологиялари, телекоммуникациялар ва бошқа соҳаларда инвестицион ҳамкорликнинг улкан ижобий натижаларини қўлга киритди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, «Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида узвийлик ва босқичма-босқичликни сақлаб қолган ҳолда келажакда ҳам Корея Республикаси билан дўстлик ва конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидан боради».
Ўзбекистон Президенти Мун Чжэ Инни ўзи учун қулай бўлган вақтда мамлакатимизда ташриф билан бўлишга таклиф қилди.
Изоҳ (0)